ХДП 47 миллат вакиллари бўлган қарийб ярим миллион аҳолини бирлаштирган

Бу ҳақда Халқ демократик партияси ташкил этилганининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда ХДП вилоят Кенгаши раиси Баҳодир Негматов айтиб ўтган.

Ушбу сана муносабати билан вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, партия фахрийлари, туман ва шаҳар кенгаши раислари, фаоллар ва тарғиботчилар иштирокида видеоконференция ташкил этилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятда 27 минг 850 нафар киши партия сафига қабул қилиниб, партиянинг сайловолди дастури ва ғояларини тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Ўтган сайловлар жараёнларида вилоятнинг 16 та сайлов округидан партиядан 3 нафар номзод - У.Вафоев, С.Останов, Ш.Бўронов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди. Вилоят кенгаши депуталигига 9 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига 109 нафар партия номзодлари депутатлик сайловларида ғолиб бўлди.

Депутатлар томонидан партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар асосида депутатлик гуруҳида 11 та, доимий комиссиялар йиғилишларида 21, сессияларда эса 25 та масала кўрилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилган.

Бу борада партиянинг Пахтачи тумани кенгаши бошқа ҳудудларга намуна бўлмоқда. Ҳудудда ҳаракат дастурида белгиланган 18 та, ҳаракат дастуридан ташқари 11 та масалани халқ депутатлари туман Кенгаши сессиялари кун тартибига киритилган.

Туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари сайловчиларининг мурожаатлари ва ҳудудлардаги ўрганишлар асосида мутсадди ташкилотларга 233 та депутатлик сўровлари юборган.

Бундан ташқари, партиянинг “Аёллар бандлиги - оила фаровонлиги”, “Ёшларга кўмак” лойиҳалари доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, партиянинг Пайариқ тумани кенгаши тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 3 нафар ёшга 0,5 гектардан ер майдони ажратиб берилишини ташкил қилган.

Шунингдек, депутатлар ва фаол ёшлар ташаббуси билан жойларда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга саховат ва мурувват ёрдамларини кўрсатиш мақсадида “Партия кўнгилилар гуруҳлари” ва “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу борада бир ойда 32 та хонадонда йўқлов тадбирлари ўтказилган.

Тадбирда сўзга чиққанлар партиянинг тарихи кеча, бугун ва эртанги кун тимсолида юртимиз равнақи ва фаровонлиги учун келажак авлодга ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этувчи партия - бу Халқ демократик партияси эканлигига тўхталиб ўтишди.

Тадбир давомида партиянинг “Эҳтиром китоби”га киритилган бир қатор фаолларга партия нишони, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ойтўла АБДУРАИМОВА,

ЎзХДП вилоят кенгаши бош референти.