Хитой Ўзбекистонда "яшил" энергия ишлаб чиқаришда иштирок этади

Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги бош консули Отабек Валиев Хитойнинг Далянь халқаро бизнес уюшмаси раҳбари Моу Игэ билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.

Учрашувда Далянь халқаро бизнес уюшмаси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, уюшма аъзолари бўлган компанияларни Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Хитой томони бугунги кунда Ўзбекистон корхоналари билан биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади. Хусусан, Далянь халқаро бизнес уюшмаси раҳбари Моу Игэнинг сўзларига кўра, Хитой томони Далянь ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш таклифини билдирмоқда.

Учрашув якунида Хитой ҳамда Ўзбекистон қуёш ва шамол энергиясини қайта ишлаш орқали "яшил" энергия ишлаб чиқариш ва уюшма таркибидаги ушбу йўналишда фаолият олиб борувчи компанияларни мамлакатга жалб этиш юзасидан дастлабки келишувга эришилди. Шунингдек, Далянь халқаро бизнес уюшмаси раҳбарияти ва аъзолари мамлакатда яратилган сармоявий муҳит билан бевосита танишиш мақсадида бизнес миссия билан Ўзбекистонга боришга таклиф этилди.

Маълумот учун: Далянь халқаро бизнес уюшмаси 120 дан ортиқ IT, инфратузилма, лойиҳалаштириш, қурилиш индустрияси, қуёш ва шамол энергияси жиҳозлари ишлаб чиқарувчи ҳамда халқаро савдо компанияларини ўз атрофига бирлаштирган.