Хитой пойтахти Пекинда ва Баодин шаҳрида коронавирус хавфи туфайли “комендантлик соати” қайта жорий этилди
Пекиннинг йирик улгуржи савдо бозорларидан бирида коронавирус ўчоғи қайд этилганидан сўнг COVID-19 инфекциясининг тарқалиб кетиш хавфи ўта юқори баҳоланмоқда. Бу ҳақда Пекин маъмурияти матбуот хизмати раҳбари Сюй Хэцзян маълум қилди.
Шанба куни пойтахтдаги “Синфади” бозорида коронавирус ўчоғи аниқланганидан сўнг бозор фаолияти тўхтатилди ва Фэнтай ҳудудида “комендантлик соати” жорий этилди. Шу билан бирга пойтахтдаги умумхалқ саломатлигига хавф II даражагача кўтарилди.
Сюй Хэцзяннинг сўзларига кўра, пойтахт маъмурияти касаллик тарқалишининг олдини олиш учун барча чора-тадбирларни кўради. Жумладан, бозор ва бозор атрофидаги ҳудудларда кенг эпидемиологик текширувлар ўтказилади, касаллик пайдо бўлиш сабаблари аниқланади. Шунингдек коронавирус ўчоғи аниқланган ҳудуддаги барча одамлар тест таҳлилидан ўтказилади.
Шу билан бирга 15 июнь куни Пекиннинг Хэбей провинцияси билан қўшни ҳудудда жойлашган, 11 миллион аҳолига эга Баодин шаҳрида ҳам “комендантлик соати” жорий этилди.
“Мазкур шаҳарлар ўртасида автомобиль қатнови ўта юқори ҳисобланади. Шу сабабли Баодин шаҳрида ҳам юқори даражали огоҳлик талаб этилади”, дейилмоқда шаҳар маъмурияти берган баёнотда.