Хитой йирик лойиҳани амалга оширишда Самарқанд ветеринария медицинаси институти билан ҳамкорлик қилади
Хитой Халқ Республикасининг “TIANJIN KAITENG INVESTMENT GROUP CO. LTD” компанияси вакили, профессор Ванг Венджие Самарқанд ветеринария медицинаси институтига келиб, ректор ва профессорлар билан мулоқотда бўлди.
Маълумотларга кўра, мазкур компания айни кунда республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси (Кегейли тумани)да кўп тармоқли кластер шаклида қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш паркини яратиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Илмий ишлаб чиқариш парки, аниқроғи, кластери чорвачилик хўжаликларини инновацион ривожлантириш ҳамда ветеринария препаратлари ва чорва молларига озуқа, озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқариш, минерал ўғитлар ва терини қайта ишлаш заводлари, логистикани биргаликда такомиллаштиришни назарда тутади.
Профессор институт жамоасига йирик шохли қорамоллар, криветка ва Пекин ўрдагини кўпайтиришни мақсад қилган чорвачилик хўжаликларида ишни ташкил қилиш, кластер лойиҳасини амалга оширишда қайси жиҳатларга эътибор қаратилиши ва лойиҳадан кўзланган иқтисодий самарадорлик ҳақида ўз тақдимотини маълум қилди.
Мазкур йирик лойиҳани амалга оширишда минтақадаги ягона ва ихтисослашган ОТМ мутахассислари ва талаба-ёшларига талаб ва эҳтиёж кучайиши табиий ҳол. Лойиҳанинг Самарқанд ветеринария медицинаси билан боғлиқ жиҳатлари эса илмий ва амалиёт билан узвий боғлиқлиги таъкидланди.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.