Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Абхазияда тартибсизликлар ва фавқулодда ҳолат. Трамп "Черчилл"ни Оқ уйга қайтаради

🔹 Украина президенти Владимир Зеленский сентябрда Доналд Трампга ҳукуматга қайтган тақдирда Украина ва Ғарб ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган учта асосий бандни ўз ичига олган режани тақдим этган эди. Режанинг учинчи банди номаълумлигича қолмоқда. Трамп дастлабки икки таклифга қизиқиш билдирган, бу президентликка қайтгач, уларни кўриб чиқишга тайёрлигидан далолат.

🔹 Финляндия президенти Александр Стуббнинг айтишича, Доналд Трамп имкон қадар тезроқ Россия ва Украина ўртасида тинчлик шартномасини тузишга ўта хайрихоҳ. Унинг фикрича, Трампнинг 20 январь куни бўлиб ўтадиган инаугурацияси олдидан келишувга эришиш мумкин.

🔹 Абхазияда жиддий тартибсизликлар: кеча мухолифат тарафдорлари магистрал йўлларни тўсиб қўйишган. Можаро Россия юридик шахсларининг Абхазиядаги инвестиция фаолияти тўғрисидаги Россия билан келишув тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш фонида юз берди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

🔹 Эронда зиёратчилар билан Карбалога кетаётган автобус ҳалокатга учради: қурбонлар ва жароҳатланганлар бор.

🔹 АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп давлат котиби лавозимига кубалик сенатор Марко Рубиони таклиф қилишни режалаштирмоқда. Флорида штатидан республикачи сенатор Марко Рубио Украинага ёрдам кўрсатишга қарши бўлган шахслардан бири.

🔹 Исроил ҳарбийларининг Ғазо сектори жанубидаги Ал-Маваси ҳудудидаги ҳаво ҳужуми натижасида камида 11 киши ҳалок бўлган. Исроил самолётлари фаластинлик қочқинлар жойлашган интернет-кафе ва чодирларга зарба берган.

🔹 Доналд Трамп лавозимида қиладиган биринчи иш Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчилл бюстини Оқ уйнинг овал кабинетига қайтариш бўлади. Чунки у Черчиллни тарихдаги энг буюк лидер деб билади. Трамп 2016 йилда президентликка сайлангач, 2017 йилнинг январида, инаугурациядан сўнг бюстни Оқ уйга қайтарган эди. 2020 йилда АҚШ президентлигига Жо Байден сайлангач, бу бюст яна Оқ уйдан "қувилган" эди.

🔹 Россияда рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабларга киритишни тақиқловчи қонун лойиҳаси Давлат Думасига киритилмоқда.

🔹 Американинг Spirit Airlines авиакомпаниясининг самолёти Гаити пойтахти Порт-о-Пренс аэропортига қўнаётганда ўққа тутилган. Ҳодиса натижасида стюардесса тан жароҳати олган. Ҳодиса мамлакатда янги бош вазир қасамёд қилган куни содир бўлган.

🔹 Германия полицияси Рождество бозорида оломон устига юк машинасини ҳайдашни режалаштирган 17 ёшли Германия фуқаросини ҳибсга олди.