Хориж воқеалари қисқа хабарларда: ҲАМАС бир шарт билан қуролни ташлашга тайёр. Пентагон Байденнинг яширин буйруғини тасдиқлади
🔹 ҲАМАС расмийсининг айтишича, агар икки давлат тўғрисидаги ечими амалга ошса, гуруҳ қуролларини ташлайди. Гуруҳнинг юқори мартабали сиёсий етакчисининг айтишича, исломий гуруҳ 1967 йилгача бўлган чегараларда мустақил Фаластин давлати ташкил этилса, Исроил билан беш йил ёки ундан кўпроқ муддатга сулҳ тузишга, қуролларини ташлаб, сиёсий партияга айланишга тайёр.
🔹 Бугун авиадиспетчерларнинг иш ташлаши сабабли Франция аэропортларида парвозларнинг 75 фоизи бекор қилинган. Иш тўхташи авиакомпанияларга ўн миллионлаб еврога тушади ва ўн минглаб йўловчиларга таъсир қилади. Намойишчилар меҳнат шароитларини яхшилаш ва маошни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.
🔹 Америка Қўшма Штатлари президент Жо Байденнинг буйруғи билан узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталари Украинага яширин тарзда топширилганини тасдиқлади. Кеча Украина ракеталарни яширинча қабул қилиб олгани ва уларни амалда қўллашга муваффақ бўлгани айтилмоқда.
🔹 Кремль АҚШнинг Ғарб сунъий йўлдошларига супер қуроллар билан зарар етказишни режалаштираётгани ҳақидаги даъволарини "зарарли уйдирма" деб атади ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча давлатларни коинотда ядровий қуролланиш пойгасининг олдини олишга чақирувчи резолюциясига вето қўйди.
🔹 Франция ички хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари Париждаги ёзги Олимпия ўйинлари вақтида теракт тайёрлашда гумон қилинган 16 ёшли ўсмирни қўлга олди. Париждаги Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади.
🔹 Беларус президенти Александр Лукашенко ҳукуматга ёпишмаслигини, лекин ёнида хиёнат қилмайдиган одам бўлсагина нафақага чиқишга тайёрлигини айтди. Мамлакатда президентлик сайловлари 2025 йил 20 июлдан кечиктирмай ўтказилиши керак.
🔹 АҚШнинг Шимолий Кореяга қарши санкцияларни кучайтириши уни ҳарбий қудрати ва ядро салоҳиятини оширишга мажбур қилмоқда. Айнан АҚШдан келаётган ядро таҳдиди туфайли КХДР ядро қуролини яратишга қарор қилган, дейди Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Ким Ин Чол.
🔹 Эрон Суриядаги ҳарбий иштирокини қисқартирди. Сурия пойтахтидаги консулликка Исроил томонидан уюштирилган ҳужумдан сўнг Эрон раҳбарияти Араб Республикаси ҳудудидаги ҳарбий иштирокини камайтиришга қарор қилган. Дамашқдан қўшинлар олиб чиқилмоқда, Эрон қўшинларининг бир қисми мамлакатнинг бошқа ҳудудларида қолмоқда.
🔹 Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари Сергей Шойгу Владимир Путиннинг бешинчи президентлик муддатига инаугурациясидан сўнг тузиладиган янги ҳукуматда ўз лавозимини йўқотиши мумкин. Мудофаа вазирлигида кутилаётган ўзгаришлар 2010 йиллардан бошлаб Шойгунинг кўп йиллик иттифоқчиси бўлган, яқинда катта миқдорда пора билан қамалган вазир ўринбосари Тимур Ивановнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ.