Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Қозоғистонда ўз рафиқасини ўлдиришда айбланаётган собиқ вазир иши бўйича суд тергови якунланди
🔹 Қўшма Штатлар ҳусийларга Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатиш эвазига Яманнинг йирик шаҳарлари Сана ва Ходайда блокадасини олиб ташлашга ваъда берди.
🔹 Қозоғистонда селдан жабр кўрган оилаларга янги квартира калитлари топширилмоқда. Яшаш учун яроқсиз деб топилган уйларнинг эгаларига янги уй берилиши айтилганди.
🔹 Танзанияда тошқинлар оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлган. Кучли ёмғирлар давом этаётган Шарқий Африка ҳали ҳам сув остида. 200 мингдан ортиқ одам жабрланган, 155 киши табиий офат қурбони бўлган.
🔹 Қозоғистонда ўз рафиқасини ўлдиришда айбланаётган собиқ иқтисодиёт вазири Кувандиқ Бишимбаевнинг иши бўйича суд тергови якунланди. Собиқ вазир ўта шафқатсиз қотилликда айбланмоқда.
🔹 Бразилиянинг Сантос кўрфази сувлари кўп миқдорда кокаин билан ифлослангани аниқланди. Олимлар кокаин денгизга ҳар йили Сан-Паулуда бўлиб ўтадиган карнавалга ташриф буюрадиган сайёҳлар оқими пайтида кириб боришини тахмин қилмоқда.
🔹 Украина Қуролли Кучлари АҚШ томонидан етказиб берилган ATACMS узоқ масофали баллистик ракеталардан Қримга зарбалар бериш учун фойдаланиши мумкин. Бундай тизимлардан фойдаланишдан мақсад ярим оролга "кўпроқ босим ўтказиш" бўлади.
🔹 Яқинда пора туфайли ҳибсга олинган Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари ўринбосари Тимур Иванов Рублёвкадаги қасрлардан бирида яшагани маълум бўлди. Хабарда аниқлик киритилишича, коттежнинг нархи 11 миллион долларни ташкил қилади.
🔹 Исроил мудофаа кучлари ҳукумат рухсат бериши биланоқ Рафаҳда қуруқликдаги операцияни бошлашга тайёр. АҚШ Исроилни тинч аҳоли ўртасида янги қурбонлар бўлишига йўл қўймасликка чақирди. Фаластин анклавидаги аҳолининг ярмидан кўпи Рафаҳдан бошпана топган.
🔹 Истанбулда суд 2022 йил ноябрда шаҳар марказида теракт содир этишда айбланган, Курдистон ишчилар партиясига алоқадор аёлни етти умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Истиқлол кўчасидаги портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳат олган эди.