Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Венесуэлада оммавий тартибсизликлар. Телеграм асосчиси Дуров 100 дан ортиқ биологик боланинг отаси экани айтилди
🔹 Венесуэлада президентлик сайловларидан кейин оммавий тартибсизликлар давом этмоқда. Каракаснинг марказий ҳудудларида юзлаб таёқ, ёнувчан шишалар билан қуролланган одамлар қолмоқда, 20 дан ортиқ ҳарбий яраланган.
Президентлик сайловларидан кейинги тартибсизликлар нафақат Венесуэла пойтахти - Каракасни, балки Ла Гуайра штатини ҳам қамраб олди. Венесуэла президенти Николас Мадуро учинчи муддатга қайта сайланди. Венесуэла Мадуронинг қайта сайланганини тан олмаган еттита Лотин Америкаси давлатидан дипломатларини чақириб олган ва уларнинг айримлари билан парвозларни тўхтатган.
🔹 Шимолий Корея АҚШ президентлик сайловларидан олдин ёки кейин ядровий синов ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Жанубий Корея мудофаа вазирлиги маълум қилди. Таъкидланишича, Шимолий Корея аллақачон бундай синовга тайёргарликни якунлаган ва АҚШ ҳамда унинг Осиёдаги иттифоқчиларига етиб боришга қодир янги жанговар каллакларни жойлаштирмоқда.
🔹 Франция президенти Эммануэль Макрон яқинда Эроннинг янги президенти Масуд Пезешкиан билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди.
🔹 АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп Париждаги Олимпиаданинг очилиш маросимини шармандалик деб атади. “Мен жуда кенг фикрли одамман. Аммо уларнинг қилган иши шармандалик”, — деди Трамп "Fox News"га берган интервьюсида. Тадбир давомида тақдим этилган Леонардо да Винчининг “Махфий кечки овқат” асари пародиясига салбий муносабат билдирилган.
🔹 Марокаш қироли Муҳаммад VI "Тахт куни" (давлат байрами) муносабати билан 2476 кишини, жумладан, турли жиноятлар учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган бир қанча таниқли журналистлар, блогерлар ва ижтимоий фаолларни афв этди.
🔹 Тожикистон президенти Масуд Пезешкянни президентликка сайлангани билан табриклаш ва муваффақиятлар тилаш учун Эронга хизмат сафари билан борган.
🔹 АҚШ давлат қарзи тарихда биринчи марта рекорд даража – 35 триллион доллардан ошди. АҚШ Конгресси Бюджет бюросининг прогнозларига кўра, 2034 йилда мамлакатнинг давлат қарзи 50 триллион доллардан ошади, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 122 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
🔹 Telegram мессенжери асосчиси, 15,5 миллиард долларга эга Павел Дуров 12 мамлакатда яшовчи 100 дан ортиқ боланинг биологик отаси эканлигини маълум қилди. Ўзи турмуш қурмаган, ёлғиз яшашни маъқул кўрувчи миллиардернинг кўп болалигининг сабаби, у 15 йилдан буён донорлик қилади.
🔹 Ҳиндистондаги кўчки оқибатида 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Керала штатида юзлаб одамлар бедарак йўқолган. Табиий офатга кучли ёғингарчилик келтирган дарёлар тошқини сабаб бўлган. Айниқса кўприкларни кўчки олиб кетган Мандаккай шаҳрида вазият қийин. Ҳозир у ерга боришнинг иложи йўқ. Юзлаб аҳоли лой ва тош уюмида қопқонда қолган.