Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Россиянинг етти вилоятида дронлар ҳужуми. АҚШ Нетаняху Исроил бош вазири лавозимидан маҳрум бўлиши мумкинлигини айтмоқда

🔹 Сешанбага ўтар кечаси Россиянинг етти вилояти расмийлари дрон ҳужумлари ҳақида хабар беришди. Орел ва Нижний Новгород вилоятларида дронлар зарбаси натижасида у ердаги нефть базаларида ёнғинлар бошланган.

🔹 Ҳизбуллоҳ раҳбари ҲАМАС делегациясини қабул қилди. Ливан ОАВларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув бўйича музокараларнинг бориши, шунингдек, Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги вазият муҳокама қилинган. ҲАМАС Ғазо секторида “Ҳизбуллоҳ модели” яратиш ниятида.

🔹 Баъзи демократларнинг Байденни президентликдан четлатиш ва ёшларга йўл очишга уринишлари қайсар бободан машина калитини тортиб олишга уринишдек умидсиз, дейди Wall Street Journal шарҳловчиси Уилям Макгурн.

🔹 Байден 2025 йилда ядровий қуролларни модернизация қилиш учун АҚШ Конгрессидан қарийб 20 миллиард доллар сўраган.

🔹 Хитой шимолидаги кўмир конида авария юз бериши оқибатида беш киши ҳалок бўлган, икки киши бедарак йўқолган.

🔹 НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида Швеция байроғини кўтариш маросими ўтди. Финляндия ва Швециянинг алянсга қўшилиши билан НАТОга ҳозирда ўттиз икки давлат аъзо. Бироқ, Швеция ҳозирча мамлакатда НАТОнинг доимий базалари бўлишини рад этган.

🔹 Жанубий Корея ҳукумати иш ташлаган шифокорларни ишга қайтишга чақирди. Намойиш иштирокчилари лицензияни бекор қилиш ва суд жараёни билан таҳдид қилишмоқда. Улар ижроия ҳукуматининг тиббиёт олий ўқув юртларига қабул квотани икки минг ўринга ошириш режасига қарши. Қўшимча ўриндиқлар сони 350 дан ошмаслиги керак.

🔹 Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг позицияси тобора қалтис бўлиб бормоқда ва у ўз лавозимини йўқотиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Миллий разведка бошқармаси директорининг глобал таҳдидлар ва дунёдаги геосиёсий вазиятни баҳолашга бағишланган йиллик ҳисоботида келтирилган.

🔹 Гаитида ҳукуматни амалда қўлга олган қуролли гуруҳлар Бош вазир Ариел Генрининг истеъфосини талаб қилмоқда. 29 февралдан буён мамлакатда қуролли зўравонликлар ҳукм сурмоқда. Жиноий гуруҳлар Гаити пойтахти кўчаларини вайрон қилмоқда. Улар бир нечта полиция бўлимларини ёқиб юборган ва иккита қамоқхонани эгаллаб, 4000 дан ортиқ маҳбусни озод қилган.

🔹 Ғазо аҳолиси учун биринчи ёрдам кемаси Кипрнинг Ларнака портидан жўнаб кетди ва шу билан денгиз гуманитар коридорини очди. Аввалроқ Исроил денгиз йўлаги яратилишига қарши эмаслигини айтган, аммо хавфсизлик текширувини талаб қилган эди.

🔹 Россиялик тадбиркор, "Капитал Гроуп" компанияси эгаси Қирғизистонда қидирувга берилган. Маҳаллий Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, у маҳаллий уюшган жиноий гуруҳга молиявий ёрдам кўрсатган.