Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Шимолий Корея ҳарбий ёрдам эвазига Кремлдан нима талаб қилиши мумкин? Россия ва Украина “дастлабки музокараларни” бошлади

🔹 Жанубий Корея мудофаа вазири Ким Ён Хённинг сўзларига кўра, Шимолий Корея ўз ҳарбийлари эвазига Россиядан тактик ядро қуроллари, қитъалараро баллистик ракеталар, разведка йўлдошлари ва ядровий сув ости кемалари билан боғлиқ технологияларни сўраши мумкин.

🔹 Шимолий Корея бугун тунда Япония денгизи томон учирган қитъалараро баллистик ракета Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракета учун энг узоқ (15 минг километр) парвоз масофаси ва парвоз вақти бўйича рекорд ўрнатди. Бу масофа ракетага потенциал равишда Осиё-Тинч океани минтақасидан ташқаридаги ҳудудлар, жумладан, АҚШ материги ва Европага етиб бориш имконини беради.

🔹 Россия ва Украина Қатар воситачилигида энергия инфратузилмасига ўзаро ҳужумларни тўхтатиш бўйича “дастлабки музокараларни” бошлади. Музокаралар билан таниш бўлган дипломат уларни Financial Times газетасига баҳам кўрган. Яқинда Украина президенти Владимир Зеленский ҳам энергетика объектларини ҳимоя қилиш бўйича келишув “Россиянинг кенгроқ тинчлик музокараларига тайёр эканлигидан далолат бериши мумкин”, деб айтган.

🔹 Россия қиш учун туз танқислигига дуч келгани айтилмоқда. Санкт-Петербург шаҳрида расмийлар бор-йўғи 150 минг тонна саноат тузи ва 80 минг тонна қум харид қилинганини айтади. Бу келгуси қиш учун зарур бўлган ҳажмнинг фақат ярми.

🔹 АҚШ конгрессменлари президент Жо Байденни Польшага Украина ҳаво ҳудудини кесиб ўтувчи ва Польша ҳудудига таҳдид солиши мумкин бўлган ракеталарни “тўсиб қўйиш ва зарарсизлантириш”га рухсат беришга чақирди. Улар Польшанинг бундай илтимоси Украинани қўллаб-қувватлаш ва НАТО чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун "шошилинч ва муҳим чора" эканлигини таъкидлашмоқда.

🔹 АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп Висконсин штатидаги Грин-Бейдаги митингга чиқинди машинасида келди. “Бу чиқинди ташувчи машина Камала ва Жо Байден шарафига мўлжалланган”, деди Трамп ўзининг сайловолди ёрлиғи билан безатилган юк машинасининг йўловчи ўриндиғига ўтирар экан. Бу АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп тарафдорларини “чиқит” деган АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден сўзларига жавоб экани айтилмоқда. Аввалроқ Трамп тарафдорининг Пуэрто Рикони "чиқинди ороли" деб атагани кескин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

🔹 Калифорниянинг собиқ республикачи губернатори, актёр ва бодибилдингчи Арнольд Шварценеггер АҚШ президентлигига сайловда демократлар партиясидан номзод Камала Харрисни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

🔹 Испаниянинг Валенсия шаҳридаги сув тошқинлари қурбонлари сони 96 кишига.

🔹 Ар-Риёдда сайёрадаги энг катта бино - муҳташам Мукааб биноси қурилиши бошланди. Дабдабали лойиҳани осмонўпар бино деб бўлмайди, чунки у минора эмас, балки узунлиги, кенглиги ва баландлиги 400 метр бўлган улкан олтин рангли куб бўлади. У саудияликларга 50 миллиард долларга тушади. Кўп қаватли бинони яратишда 900 ишчи ишлайди; 2030 йилгача қурилишни якунлаш режалаштирилган.

🔹 Шимолий Корея стратегик қуроллар бўйича муваффақиятини намойиш қилиб, АҚШ президентлик сайловлари вақтида ядровий синов ўтказишни режалаштирмоқда.