ХТВ: Мактабларда янги йил байрами нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар таъқиқланади
Халқ таълими вазирлиги тарқатган хабарга кўра, болалар хавфсизлиги ҳамда турли пул йиғимларининг олдини олиш мақсадида мактабларда янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ айрим чекловлар жорий қилинмоқда.
“Республика махсус комиссиясининг йиғилиш баёни ҳамда Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига асосан жорий йилда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида таълим муассасалари ҳудудида янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш мумкин эмас.
Шу муносабат билан, вазирлик томонидан умумтаълим мактабларида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ қуйидаги ҳолатлар тақиқланганлигини маълум қиламиз:
- юқори синф ўқувчилари иштирокида Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳар қандай тадбирларни режалаштириш ва ўтказиш;
- байрам билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш мақсадида ота-оналардан турли хил ноқонуний пул йиғимларини амалга ошириш;
- мактаб фойеси ва синф хоналарини сунъий арча ва электр чироқлар билан безатиш (ўқувчилар қўл меҳнати билан ясалган турли безаклар бундан мустасно).
Истисно тариқасида бошланғич синф ўқувчиларига синф раҳбари ҳамда ота-оналар иштирокида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, ўз синф хоналарида, дарс машғулотларига ҳалақит бермаган ҳолда байрам тадбирларини ўтказиш ҳамда мактаб ҳовлисида янги йил арчасини безатишга рухсат берилади”, дейилади вазирлик хабарида.