Худоёрхон ва Шомил тақдири ёхуд тарихдан тўғри хулоса чиқарайлик
Россия империяси Сибирь, Волга бўйи халқларини босиб олгач ўз тўймас нигоҳини XIX асрда Кавказ ва Туркистонга қаратади. Қонли жанглар мобайнида не-не баҳодирлар ўз ватани ва эркини ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олиб уруш сўқмоқларидан от сурадилар. Кавказ халқлари орасидан эрк жангига отланганлардан бири, авар халқининг жасур фарзанди имом Шомил эди. У 1840 йили Шомил Чеченистон ва Доғистон имоми этиб сайланади ва шундан сўнг 25 йил давомида Оқ подшога қарши жанг қилади. Тарихий манбаларда Шомил ўзининг 30 минг қўшини билан Рус императорининг 200 минг қўшинига қарши курашгани ёзилган.
Ўша йилларда Шомил қўшини Россия қўшини устидан бир неча марта йирик ғалаба қилади. Император Шомилга қарши ўзининг энг моҳир генералларини жангга ташлайди. У оғир ва тенгсиз жанглардан сўнг 1859 йили ўзи учун қулай бўлган шартлар асосида ёвга таслим бўлади. Шомил асир бўлса-да, уни катта иззат-икром билан қарши оладилар. Россия императори Александр II у билан уч марта учрашиб, Шомилга катта марҳамат кўрсатади. Шомил, дастлаб, Калугада яшайди, сўнгра бу ернинг оби-ҳавоси ёқмагач, уни Киевга кўчирадилар. Александр II Шомилни аслзода дворян даражасига кўтаради ва 1869 йил 16 февралида унга ҳаж сафарига боришга рухсат беради, уни керакли маблағ билан таъминлайди. Шомил ўз шериклари билан ноябрь ойида Маккага етиб келади ва 1870 йили ҳаж зиёратини адо этади. Шомил 1871 йилнинг 16 февралида Мадина шаҳрида вафот этади ва бу ердаги улуғ ал-Боқия қабристонига дафн этилади.
Тақдири Шомилнинг тақдирига ўхшаб кетадиган иккинчи шахс Марказий Осиёдаги йирик давлатлардан учинчиси Қўқон хонлиги ҳукмдори Худоёрхондир. Оқ подшо қўшини Туркистон устига юриш бошлаганида биринчи бўлиб Қўқон хонлигига қарашли Верное қалъаси (ҳозирги Олма ота), сўнгра Авлиёота, Қизил Ўрда, Туркистон, Чимкент ва Тошкентни босиб олган эди.
Амирликнинг катта ҳудудларининг қўлдан кетиши ва Россия империяси қўмондони генерал фон Кауфман билан шармандали битим тузилиши Худоёрхоннинг обрўсини тушириб юборади. Бундан фойдаланган аламзада айрим амалдорлар (Абдураҳмон офтобачи) ва бошқалар унга қарши фитна тайёрлайди. Фитначилар Худоёрхоннинг Самарқандда яшаётган укаси Пўлатбекка одам юбориб, уни хон бўлишга кўндирмоқчи бўладилар. Аммо Пўлатбек бу фитнага қўшилмайди. Бундан усталик билан фойдаланган Мулла Исоқ исмли кимса ўзини "Пўлатхонман" дея эълон қилди. Бу сохта хонни оқ кигизга ўтқазиб хон қилиб кўтардилар. Унинг атрофида оломон тўплана бошлайди.
Энг ёмони, Худоёрхоннинг катта ўғли, Андижон ҳокими Насриддинхон ва укаси, Марғилон ҳокими Муродхон ҳам акасига қарши чиқиб фитначилар томонига ўтишади. Бундай воқеалардан сўнг чорасиз қолган Худоёрхон Кауфмандан ёрдам сўраб, бор хазинасини 80 аравага юклаб, оиласи билан Тошкентга, фон Кауфман ҳузурига йўл олади. Кауфман билан учрашганидан сўнг Худоёрхоннинг генералдан ҳафсаласи пир бўлади ва жаҳли чиқиб: "Сен императорнинг лашкарбошисисан, мен эса Қўқон хониман, мен сен билан эмас, императоринг билан гаплашаман”, дейди. Кауфман унга ҳеч нарса демай, хонадан чиқиб кетади ва ўз одамларига: "Худоёрхоннинг барча нарсасини тортиб олиб, ўзини оиласи билан Оренбургга сургун қилинглар", дея буйруқ беради. Худоёрхон рус императори Александр II генерал фон Кауфманга Туркистондаги барча муаммоларни мустақил ҳал қилиш ваколатини берганини қаердан ҳам билсин?
Худоёрхон Оренбургда қаттиқ азоб чекади, озгина маблағидан ҳам ажралгач, хотинларини Қўқонга қайтариб юборади. 1875 йили Худоёрхон бир амаллаб Оренбургдан қочишга эришади ва туркманлар ёрдамида Ҳиротга етиб олади. Аммо афғонлар рус подшосининг ғазабидан қўрқиб уни Бадахшонга жўнатади. Бадахшонга ҳам сиғмаган хон Пешоварга, сўнгра Бомбейга етиб келади. Бомбейда хонни бир неча қўқонлик бойлар таниб қолиб, ёрдам берадилар ва пароходда Жиддага жўнатадилар. Худоёрхон не машаққатлар билан Маккага етиб келиб ҳаж зиёратини адо этади. Бирмунча вақт Арабистонда яшаб, сўнгра Ватанимга яқинроқ бўлсин, деган мақсадда Афғонистонга қайтиб келади.
У Ҳирот яқинида Груҳ қишлоғидаги Шайх Халифа эшонникида яшай бошлайди.
1886 йили Қўқоннинг сўнгги хони Худоёрхон Ҳирот яқинидаги Карнух қишлоғида вафот этади ва уни бу ердаги мусофирлар қабристонига дафн этадилар.
Мана, Россия империясининг қўшинига қарши курашган икки машҳур шахснинг тақдиридан озгина бўлса-да, бохабар бўлдингиз. Бу икки шахсга рус амалдорлари томонидан икки хил муносабат бўлганини ўқиб, сиз ҳам ажабланган бўлсангиз керак. Хўш, нега рус амалдорлари ва император Александр II Шомилга алоҳида, Худоёрхонга алоҳида муомала қиладилар. Ваҳоланки, Шомил 25 йил давомида Кавказ халқларини бирлаштириб, русларга қарши курашган ва уларнинг бир неча юзлаб аскарларининг қонини тўккан шахс эди. Худоёрхон қўшинининг русларни сезиларли талафотга учратгани ҳақида тайинли маълумотлар ҳам йўқ. Демоқчимизки, Кауфманни хафа қиладиган унчалик қаттиқ ҳаракат ҳам қилинмаган. Қолаверса, Худоёрхон мустақил, ҳудудлари бепоён бир давлатнинг ҳукмдори эди. Хўш, нега бундай бўлди? Бу саволга тайинли жавоб топиш учун жавобни айнан ўша даврлардаги Кавказ ва Қўқон хонликларидаги ички вазиятлардан, босқинчиларга қарши курашаётганларнинг бир-бирларига бўлган муносабатларидан қидирмоқ лозим.
Хўш, Кавказда аҳвол қандай эди? Бу тоғли ўлкада катта-кичик, бир неча тилларда сўзлашувчи, алоҳида яшовчи халқлар яшасалар-да, Шомил ёвга қарши уларни бирлаштира олди, улардан бир жону бир танли қўшин яратади. Имом Шомил рус подшосига асир тушганидан сўнг ҳам беш йил давомида ёвга қарши қўзғолон тинчимади. Оқ подшонинг ўзи ва унинг генераллари, агарда Шомилга бирор-бир заҳмат етказилса, уруш олови қайтадан гуруллаб ёнишини яхши биларди. Шу сабабли, улар гарчи Шомил асир бўлса-да, унга нисбатан олий иззат-икром кўрсатдилар. Энг муҳими, кавказликлар бир-бирини сотиб, ёвнинг олдига марҳамат излаб, қуллик қилиб бормадилар.
Қўқондаги воқеаларни эса ҳозиргина ўқидингиз. Қўқонлик амалдорларга ёв юрт устига бостириб келганида ҳам, давлатларининг ярмини босиб олганида ҳам ақл кирмади. Улар Худоёрхон атрофида бирлашмадилар, аксинча, уларнинг бари ўзим хон бўламан, деган орзуда ёв олдига қуллик қилиб бордилар. Устомон Кауфман Худоёрхоннинг ортида бирор-бир қудратли куч йўқлигини ҳам, хонга бирор-бир зиён-заҳмат етказса, унинг тарафини ҳеч ким олмаслигини ҳам яхши биларди.
Бундан келиб чиқадиган хулоса шулки, душман ҳам, дўст ҳам бизга ўз мавқеимиз, қадр-қимматимиз, обрў-эътиборимиз, куч-қудратимиз, феъл-атворимизга қараб муомала қилади.
Кауфман нафақат Худоёрхонга, балки унинг ўғли Насриддин ва укаси Муродхонларга ҳам шундай паст назар билан қараган эди. Чунки улар тожу тахт ҳавасида ўзларини ерга уришиб Кауфмандан мадад ва марҳамат кутиб борган эдилар. Бундайларни ақли расо одамлар ҳеч қачон ҳурмат қилмайдилар. Бунга Худоёрхоннинг тақдири аччиқ мисолдир. Ўтмишимизда бўлиб ўтган бу шармандали воқеаларга кўзимизни каттароқ очиб қарайлик.
Амриддин Бердимуродов.