Янги фармон, унда қандай вазифалар белгиланган?

Шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш белгиланди.

Шу пайтгача бундай иллат кўзга ташланганмиди. Ҳа, аммо унга жазо чоралари қайси ҳужжат билан кучайтириляпти?

Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада таъминлаш ва жиноят ишларини тергов қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ваколатларини аниқ белгилаш кўзда тутилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Зеро, фармон билан Айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш белгиланди. Унга кўра, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган тақдирда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилади. Бу эса суд томонидан Жиноят кодекси махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган муддатигача жазо тайинланишга асос бўлади.

Албатта, фармондан яна кўплаб муҳим масалалар, ечимини кутаётган муаммоларга жавоблар жой олган. Бир жиҳати эътиборлики, барча ислоҳотлар пухта режа асосида даврларга тақсимланган. Яъни, айрим ишлар қисқа даврда амалга оширилса, баъзилари келаси йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган.

Айни шу сабабли жиноят ишлари бўйича вилоят суди биносида вилоят, туман ва шаҳар судлари раислари ва судьялари, прокуратура ходимлари ва ИИБ терговчилари иштирокида мазкур фармоннинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ ўрганиш, ундан келиб чиқадиган вазифалар хусусида семинар машғулоти ўтказилди.

Видеоконференц алоқа тизими орқали ўтказилган семинарда процессуал қонунчиликни тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали ягона тергов ва суд амалиётини шакллантириш масаласида батафсил сўз юритилди.

Ўзаро савол-жавоблар тарзида ўтган тадбирда давлатимиз раҳбарининг қайд қилинган фармони шахс ҳуқуқини асоссиз чеклашнинг олдини олишга хизмат қилиб, суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз ва оғишмай риоя қилинишини таъминлаши, жиноятларни фош этиш борасидаги фаолият янги босқичга кўтариши эътироф этилди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди.