Янги лойиҳалар Самарқанд йўловчи транспортини тартибга солади

Вилоят Матбуот уйида транспорт бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жўрабек Қоржовов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоятда йўловчи ташиш сифатини ошириш борасида олиб борилаётган янги лойиҳалар хусусида маълумот берилди.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳри транспорт тизимини тубдан такомиллаштириш, жамоат транспортини аҳолига сифатли хизмат кўрсатишини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлиги, Тошкент давлат транспорт университети ҳамда Россиянинг “Simetra” компанияси мутахассислари иштирокида транспорт режаси ишлаб чиқилмоқда.

- Барча йўналишлар, кўчалар, светофорларнинг ишлаш тартиби, автомобиль оқими бўйича маълумотлар кўчаларга бевосита онлайн камералар ўрнатиш орқали ўрганилмоқда, - дейди Ж.Қоржовов. - Жумладан, Самарқанд шаҳридаги транспорт оқими юқори бўлган 55 та жойга ҳамда шаҳарга кириб келадиган, шаҳар марказидан 50 километр масофада бўлган ҳудудлардаги 45 та нуқталарга кузатув камераларини ўрнатган ҳолда транспорт оқими таҳлил қилинмоқда. Жиззах политехника институти мутахассислари томонидан эса автобошбекатлар ва бекатларда жамоат транспортининг жадаллиги, йўловчи оқими ўрганиб чиқилмоқда.

Янги лойиҳаларга асосан шаҳарда алоҳида йўлакда автобуслар ҳаракатини ташкил этиш, унга катта сиғимли автобусларни қўйиш, йирик чорраҳаларда ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, автобуслар интервалларини қисқартириш каби чоралар назарда тутилган.

Транспорт тизими режасида барча маълумотларни йиғиб, тизимлаштириш, рақамлаштириш ва шаҳар транспорт тизими математик модели ҳамда паспортини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Шунингдек, намунали “BRT”, яъни тезюрар автобус йўлаги тизимли пилот лойиҳасини жорий этиш режалаштирилган.

Самарқанд шаҳрининг ички ҳудуди ва унинг атрофидаги турар-жой, бизнес мажмуалари, савдо ва кўнгилочар марказларининг техник иқтисодий кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда паспортлари ва локация жойлашуви тайёрланади. Шаҳарда трамвай йўллари автотранспорт оқимидан ажратилиб, хавфсиз ва қулай бекатлар жорий этилади.

“BRT” - тезюрар автобус йўлаги лойиҳаси бўйича Самарқанд шаҳрига Паст Дарғом ҳамда Ургут ва Тойлоқ туманларидан кириб келадиган 70 мингга яқин йўловчи оқимлари 44 та йўналишга боғланади. Йўналиш бўйлаб 20 та чорраҳанинг дизайни ўзгартирилади.

- Янги лойиҳага кўра, “Ҳазора” автобошбекатидан “Сиёб” автошоҳбекатигача бўлган 12 километрлик масофада 17 та бекат жойлаштирилиб, 14 дона 12 метрлик замонавий автобуслар ҳаракатланади, - дейди Транспорт вазирлиги қошидаги транспорт муаммоларини ўрганиш маркази директори Мурод Абидов. - Уларнинг орасидаги интервал эса 4 минутни ташкил этиб, йўловчиларни кунлик транспортга сарфланадиган вақти 30 дақиқагача тежалиши кўзда тутилган. Лойиҳа жорий йилнинг 1 сентябригача ишга тушади.

Дилмурод Тўхтаев.