Янги монографиялар: Миллий меъморчилигимизнинг ўтмиши ва бугуни

Профессор Аҳтам Ўралов республика архитектура-меъморчилик соҳасида етук мутахассис. Яқинда домла “СамДУ  нашр-матбаа марказида изланиш олиб бораётган Л.Раҳимов, А.Ҳаққулов, Ш.Абдураимовлар билан ҳаммуаллифликда “Темурийлар архитектураси тарихи” ва “Архитектура ёдгорликларини таъмирлаш ва қайта тиклаш тамойиллари” монографияларини чоп эттирди.

“Темурийлар архитектураси тарихи” монографиясида Амир Темурнинг Самарқанд ва Шаҳрисабзда яратган “меъморий стил”и  Мовароуннаҳр ва Хуросонда кейинчалик Ҳиндистон, Араб ислом мамлакатлари, Ғарбий Европа-Испанияга ва бошқа Темурийлар архитектураси тарихига таъсири  кўрсатилган.

Жумладан, Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек,  Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий даври меъморчилиги ҳамда Темурийлар даврининг даволаш ва шифобахш муассасалари, тасвирий санъат ва наққошлик, ўрта асрларда “Темур стили” нинг мазмун-моҳияти ҳам кўрсатиб берилган.

Монография архитекторлар, тарихчилар, санъатшунослар архитектура соҳасининг бакалавриат ва магистратура босқичларида таҳсил олаётган талабалар,  шунингдек, темурийлар даври архитектураси ҳамда Ўзбекистон меъморий меросини ўрганиш билан шуғулланаётган барча мутахассисларга мўлжалланган.

Архитектура ёдгорликларини таьмирлаш ва қайта тиклаш тамойиллари” монографиясида меъморий ёдгорликларнинг тарихий шаклланиш асослари, Ўзбекистондаги архитектор олимлар ва таъмирчи халқ усталарининг меъморий ёдгорликларни таъмирлаш тажрибалари ҳамда архитектура ёдгорликларининг конструктив ечимлари акс этган.

Эътиборлиси, чет эл ва МДҲ мамлакатларида обидаларни таъмирлаш тажрибаси, обидаларда қўлланган меъморий безаклар, қурилиш материаллари ва ашёларидан фойдаланиш жараёнлари мукаммал берилган.

Бундан ташқари, архитектура ёдгорликларини таьмирлаш, қайта тиклашнинг технологик жараёнлари, обидаларнинг конструктив мустаҳкамлигини сақлашнинг замонавий тамойиллари, усуллари ва қоидалари ёритиб берилган.

Ушбу монография таъмирчи мутахассислар, реставраторлар, архитектура бўйича бакалавриат ва магистратура босқичларида таҳсил олаётган талабалар ва шу йўналишда тадқиқот олиб бораётган ходимлар учун  мўлжалланган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.