Янги солиқ ставкаси: Kимда кўпроқ фойда қолади?
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги фармони билан мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба 2019 йил учун асосий параметрлар ва солиқдаги ўзгаришлар ҳавола этилди. Аҳамиятлиси, мамлакатимизда 2019 йилдан бошлаб солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ юкини енгиллаштириш бошланди.
2019 йилда юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар соддалаштирилган ва камайтирилган ҳолда белгиланди. Солиштириш учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ даромадга нисбатан дифференциялашган бўлиб, 2018 йилда энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲ) 1 бараваригача -0 фоиз, 1-5 бараваригача -7,5 фоиз, 5-10 бараваригача -16,5 фоиз, 10 баробардан юқориси -22,5 фоиз миқдорида олинар эди. Янги солиқ тизимида эса жисмоний шахслар даромадларига 12 фоизлик ягона солиқ ставкаси белгиланди.
Бу билан ходимлар даромад солиғи ставкаси камайтирилди ва улар қўшимча даромадга эга бўлдилар.
Иккинчидан, ходимлар аввалги тизимдаги дифференциялашган солиқлар ҳисоб-китоби қийинлиги сабабли даромадининг солиғини аниқ билмасди. Энди ягона солиқ ставкаси бўйича ҳисобчисиз ҳам ходим иш ҳақининг солиқ ва даромадларини аниқ ҳисоблай олади.
Учинчидан, субъектлар бухгалтериясида дифференциялашган солиқ ставкаси бўйича солиқларни ҳисоблаш мураккаб эди. Ягона солиқ ставкасининг жорий этилиши субъектлар учун бухгалтерия ҳисоб-китобларини юритишда ҳам муаммоларни бартараф этади. Ҳисоб-китобларга қараганда, солиқ юкининг камайтирилиши ва суғурта бадалининг бекор қилиниши натижасида 2019 йилда аҳоли даромадлари қўшимча 4,6 триллион сўмга ошади. Суғурта бадалларининг бекор қилиниши ҳисобига вилоятимиз аҳолиси ихтиёрида 297,9 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
2019 йилда юридик шахслар учун ҳам солиқ юки камайтирилиб, улардан олинадиган фойда солиғи ставкаси амалдаги 14 дан 12 фоизга, тижорат банклари даромадидан олинадиган солиқ ставкаси 22 дан 20 фоизга пасайтирилди. Натижада вилоятимизда фаолият юритаётган юридик шахсларнинг соф фойдаси 5,3 миллиард сўмга ошиб, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг тушумидан ундириладиган мажбурий ажратмаларнинг бекор қилиниши натижасида тадбиркорларнинг ихтиёрида қоладиган фойдаси 30 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этади.
Эндиликда юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи фақат кўчмас мулк бўйича ҳисобланиб, унинг ставкаси амалдаги 5 фоиздан 2 фоизга туширилди. Бу ўз навбатида фаолият юритаётган субъектларнинг қўшимча даромад олишига имкон яратади.
Шу билан бирга, биринчи марта 2019-2021 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози ишлаб чиқилди. Унда ушбу йилларга оид солиқ бюджет сиёсатининг стратегияси асосида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг асосий параметрлари кўрсатилган. Зеро, 2019-2021 йилларда иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш макроиқтисодий кўрсаткичларнинг юқори суръатлар билан ривожланишини таъминлайди. Пировард натижада аҳоли турмуш даражаси янада яхшиланади.
Умар ХУДОЙБЕРДИЕВ, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти.