Янги йилни ким қандай нишонлайди?

Янги йилнинг бошланиши турли халқларда ҳар хил вақтга тўғри келади. Масалан, Европанинг ҳамма мамлакатларида Янги йил 1 январда, ҳижрий ҳисоби қабул қилинган жойларда эса қуёш йилининг турли саналарида байрам қилинади.

* Мисрда Янги йилни ёз ойларининг бошида, Нил дарёсининг қуйилиши вақтида нишонлашган.



* Грецияда эса бу байрамни йилнинг энг узун куни бўлган 22 июнда нишонлаганлар.

* Францияда Буюк Француз революцияси даврида янги йилни 22 сентябрь - республика ташкил топган кунда нишонлашган.

* Россияда эса Янги йил байрами 1 сентябрга тўғри келган. Фақат 1700 йилдан бошлаб, Пётр I қарорига асосан Янги йил 1 январдан бошлаб нишонланган. Подшо Янги йилни кутиб олиш, Янги йил кирадиган тунда гулханлар ёқиш, уйни яшил ўсимликлар билан безаш ва бир-бирларини табриклаш ҳақида фармон берган.

Ўша пайтлар парад ўтказилиб, турли рангли ракеталар, мушаклар отилиб, байрам қилинган ва бу одат ҳанузгача сақланмоқда.

* Янги йилда совғалар қилиш одати эса Қадимги Римдан келиб чиққан бўлиб, улар бир-бирларига омад ва бахт тимсоли бўлмиш дафна япроқларидан тақдим этишган.

* Германияда асосий байрам Рождество ҳисобланган. Сунъий арчалар ва шиша ўйинчоқлар биринчи бўлиб Германияда пайдо бўлган. Янги йилнинг ўзи Германияда иккинчи даражали байрамдай кутиб олинади.

* Австрияда Янги йил кечаси фол очиш одат тусига кирган. Турли шаклларни харид қилишади-ю, сўнг уни эритиб, идишга қуйишади. Ва ҳосил бўлган шакл ёрдамида  келажак ҳаётларини башорат қилишади. Гарчи камхарж австрияликлар кам тановул қилишса-да, аммо ўткир спиртли ичимлик-глинтвейнни ҳисобсиз ичишади.

* Буюк британияликлар учун янги йил олдинги кийимлар нархини кескин пасайтириш ҳодисаси жуда муҳим саналади. Шунинг учунми, инглизлар дастурхон билан унча қизиқмайди, ахир қанча кийим сотиб олишга улгуриш лозим.

***

Дарвоқе, 1 январдан бошланадиган тақвимни Рим императори Юлий Цезар киритган бўлиб, у “Юлиан тақвими” сифатида тарихда қолди.

Иззатулла Норқувватов тайёрлади.