Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқлари устувор
Самарқанд шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда аҳолининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан хабардорлигини оширишга қаратилган халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Сенати, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Олий суд, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, Адвокатлар палатаси, Тошкент давлат юридик университети, бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари, таълим муассасалари олимлари, экспертлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вазифасини бажарувчи Ханс-Ульрих Им, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия аъзоси Рустам Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова ва бошқалар олдиндаги референдум жараёнлари, Конституциядаги ўзгаришлар, қўшимчалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтишди.
– Тарғибот тадбирларига эътибор қаратадиган бўлсак, кўпчилик фақатгина ҳуқуқ ва эркинлар ҳақида гапиряпти, – деди Рустам Холмуродов. – Тўғри, янгиланаётган Бош қомусимизда инсон манфаатлари олий қадрият сифатида эътироф этилмоқда. Бунда яқин йилларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида амалга оширилган ислоҳотлар қонуний асосга эга бўлади. Шуни унутмаслик керакки, ҳуқуқ ва эркинликлар билан бирга фуқаролик бурчини ҳам унутмаслик керак. Бугунги тадбиримиздан кўзланган асосий мақсад “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти, унинг Ватанимиз тараққиёти, жамиятимиз ривожидаги аҳамияти ва унга киритилган янги нормаларни кенг жамоатчиликка тўғри ва тўлиқ етказишдан иборат. Давра суҳбатида иштирок этаётган масъуллар жараённинг ушбу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
Давра суҳбатида давомида янгиланаётган Конституцияни тайёрлаш жараёнлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Жумладан, жараёнда умумхалқ муҳокамаси орқали 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушгани ва уларнинг аксарияти эътиборга олиниши билан бирга, халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлат тажрибаси ўрганилиб, олти турдаги экспертизадан ўтказилгани маълум қилинди.
Давра суҳбати давомида конституциявий қонундан ўрин олган инсон ва бола ҳуқуқлари, ижтимоий давлат, одил судлов, адвокатлар фаолияти, экологик масалалар, фуқаролик жамиятлари билан ишлаш каби қатор муҳим масалалар бўйича маърузалар тингланди.