Японияда “Фукусима-1” АЭС фильтрларига катта зарар етказилгани аниқланди

“Фукусима-1” фавқулодда атом электр станциясининг оператори TEPCO радиоактив сувни тозаловчи ALPS тизимидаги 25 фильтрдан 24 таси шикастланганлигини аниқлади, деб хабар беради NHK.

Экспертлар ўтган ой охирида биринчи нуқсонларни аниқлагандан сўнг, кенг кўламли текширув бошланди.

Компания радиоактив сув оқиши ҳолатларини ҳали қайд этмаганига қарамай, уларнинг пайдо бўлиш эҳтимолини истисно қилиб бўлмайди.

Ўхшаш муаммо станцияда икки йил олдин ҳам бўлган. Ўшанда TEPCO сабабни аниқлай олмади. Оператор фильтрларни ўзгартирди ва иш давом этди.

“Фукусима-1” АЭСдаги авария 2011 йил 11 мартда кучли зилзила ва цунами натижасида содир бўлди. Радиация оқиши туфайли ҳукумат Фукусима префектурасининг шарқий туманлар аҳолисини эвакуация қилди. Амалга оширилган зарарсизлантириш туфайли уларнинг айримларида махсус режим олиб ташланди ва одамларга уйларига қайтишга рухсат берилди. Баъзи ҳудудлар ҳали ҳам яшашга яроқсиз. TEPCO ҳисоб-китобларига кўра, оқибатларини бартараф этиш ва реакторларни демонтаж қилишга тахминан 40 йил керак бўлади.

Апрель ойи охирида Япония ҳукумати 2023 йилдан бошлаб тритийдан ташқари, радиоактив сувни 62 радиоактив элементдан тозалайдиган ALPS тизимида ишланган сувни океанга тўкишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу Россия, Хитой, Жанубий Корея ва КХДРда хавотир уйғотди. Шу билан бирга, МАГАТЭ қўллаб-қувватлаши ва мониторинг учун мутахассислар гуруҳини юбориш нияти борлигини билдирди.

Ўттизта ташкилот, Япония балиқчилик кооперативлари уюшмалари федерацияси, шунингдек Фукусима, Мияги ва Ибараки префектуралари балиқчилар уюшмалари Фукусима-1 АЭСи сувларини денгизга тушишига қарши. Фукусима префектурасида 41 муниципалитет норозилигини эълон қилди - бу умумий аҳолисининг 70 фоизини ташкил қилади.