"Яшил макон": Самарқандда "Яшил боғ", "Яшил белбоғ", "Ҳокимлик боғи" ташкил этиляпти
"Яшил макон" умуммилиий лойиҳаси доирасида йил якунигача вилоятимизнинг 7 та туман-шаҳарида 28,4 гектар майдонда “Яшил боғ”лар барпо этилиши бўйича ишлар олиб бориляпти.
Экилган кўчатларни суғориш учун 16 та қудуқ қазилиб, 26 километр масофада ирригация тизими яратилади ва жорий йилда 5 та махсус суғориш техникаси харид қилинади.
Вилоятдаги атроф-муҳитга таъсир кўрсатаётган 58 та саноат корхонаси томонидан 75 минг туп дарахт кўчати экилиб, “Яшил белбоғ” яратилади. Бугунгача бу каби корхоналар томонидан 48 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Шунингдек, режага асосан 16 та шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан 34 та “Ҳокимлик боғлари” ташкил қилинади. Ҳозиргача Паст Дарғом ва Нарпай туманлари ҳокимликлари томонидан 800 тупдан ортиқ кўчат экилиб, шундай боғлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, йил якунига қадар 64,15 гектарда “Яшил жамоат парклари” барпо этилади. Бунинг учун барча зарурий ҳужжатлар қабул қилиниб, керакли ер майдони ажратилган.