Қурилиш чиқиндилари, очилган қувурлар ва оқиб ётган тоза сув: пиёдалар йўлаклари эгасиздек кўринмоқда

Бугунги кунда шаҳар ва қишлоқларимизда вело ва пиёдалар йўлак­лари қурилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳри кўчаларида ҳам чиройли йўлаклар, яшил майдонлар ташкил этилмоқда. Бироқ айримлар бу қулайликнинг қад­рига етмаяпти. Аксинча, хонадон олдидаги йўлакларни эгаллаб олиш, бузиш ҳолатлари учраётганини қандай тушуниш мумкин?

Масалан, Мир Саид Барака кўчасининг икки четидаги йўлакларга тўкилган тош ва қурилиш чиқиндиларидан пиёдалар ўтишга қийналмоқда.

Самарқанд ветеринария медицинаси инс­титутининг академик лицейи рўпарасидаги пиёдалар йўлагида плиталар синиб, тартибсиз ташлаб қўйилганига анча вақт бўлган. Мазкур кўчанинг 1-тор кўчасида канализация қувуридан оқаётган сув йўлакка чиқяпти.

Кўчанинг 3-тор йўлаги бошланишида ҳам йўлакнинг ўртасидаги қудуқдан сув «қайнаб» чиқяпти. Шу кўчада яшовчиларнинг айтишича, қарийб 3 ойдан буён шу аҳвол. 

- Бир неча кундан бери зарурат юзасидан Самарқанд шаҳар кадастр бўлимига қатнайман, - дейди Ўлмас Ҳамидов. - Шу қувурдаги ичимлик суви кўчани узлуксиз ювиб турибди. Бунга эътибор берадиган мутасадди ташкилот йўқ. Неча кунки, беҳуда оқаётган сувни тўхтатиш ҳақида ҳеч ким ўйламайди.

Мевазор кўчасида жойлашган «Optiho lux» МЧЖ биноси ёнида чиқиндилар қутиси ўрнатилган бўлса-да, шу ердаги ариқча барг-хазон ва қурилиш чиқиндилари билан тўлган.

- Бу чиқиндиларни шу атрофда яшовчи хонадон эгалари олиб келиб тўккан бўлса керак, - дейди корхона раҳбари Ф.Хўжаев. - Лекин шу ерда чиқинди қутиси бор, одамлар чиқиндини унга ташламай бино ёнига, ариқ ичига тўкиб кетмоқда. Ёмони, мана вақт алламаҳал бўлган бўлса-да, чиқинди ташувчи машиналар ҳам келгани йўқ.

Олдинга қараб борарканмиз, йўлакдан табиий газ тармоғи учун чуқур ковлаб қўйилганига кўзимиз тушди. Чуқур олдидаги хонадонда бирор киши йўқлиги сабабли уни ким ковлаганлигини билишнинг иложи бўлмади.

- Икки ой илгари шу ерда яшовчи бир нечта хонадон эгалари келиб, газ тармоғига уланиш учун хандақ қазиб, қувурларни очди, - дейди шу ердаги дўкон эгаларидан бири. - Бироқ шаҳар газ идорасидагилар рухсат беришмади, шекилли, ишни тўхтатиб, қудуқларни шу ҳолда ташлаб кетишди. Шу-шу, пиёдалар йўлаги ёпилиб қолган, ёмғир туфайли ковланган тупроқ лойга айланди.

Мир Саид Барака кўчаси 5-тор йўлакда ҳам ичимлик суви қувуридан кўчага сув сизиб чиқяпти. Мазкур ҳолат ҳақида аҳоли томонидан шаҳар ҳокимлиги ва «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖга бир неча бор мурожаатлар қилинган бўлса-да, ҳалигача уни маҳкамлаб қўядиган мард топилмаяпти экан. Қизиғи, тоза ичимлик суви шу ердаги чиқиндилар уюми орасидан сизиб чиқяпти. Бу эса «Мароқанд обод» МЧЖ томонидан чиқиндилар олиб кетилмаётганлигини ҳам билдириб турибди. Агар улар Президент мактабининг орқа тарафини ўз вақтида чиқиндилардан тозалаб туришганида, балки ичимлик суви исроф бўлишининг олди олинган бўлармиди?

- Чиқинди уюмлари ва ичимлик сувининг қаровсиз оқиб ётгани ҳақида маҳалла раисига ҳам мурожаат қилган эдик, - дейди шу кўчада яшовчи фуқаролардан бири. - «Мароқанд обод»дагилар бугун келиб чиқиндиларни олиб кетишга ваъда беришган эди. Илгари сувсозлар келиб ичимлик суви қувурининг ёрилган жойи­га ёғочдан тиқин қилиб кетишганди. Бироқ узоққа бормади, яна тоза сув исроф бўлиб оқиб ётибди.

Йўлакларни эгаллаб олиш "анъана"си Амир Темур кўчасида ҳам бор экан. Вилоят транспорт бошқармаси яқинида олиб борилган қурилиш ишларидан сўнг йўлакда бир уюм қурилиш чиқиндилари ва тупроқ қолган. 

Шунингдек, шу ердаги янги меҳмонхона қурувчилари йўлакни бутунлай эгаллаб олибди.

Амир Темур ва Гагарин кўчалари чорраҳасида машиналар тиғизлиги ҳамда ҳудуддаги ресторанларнинг йўлакларни эгаллаб олганлиги сабабли, пиёдалар юришга қийналмоқда. Буни шу чорраҳада бир неча бор йўл-транспорт  ҳодисалари содир этилганлигидан ҳам билиш мумкин.

Муаммога ким изоҳ беради?

Аслида журналистик нуқтаи назардан келиб чиқиб, иккинчи тараф – шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларидан изоҳ олишга ҳаракат қилдик.

Хусусан, шаҳар ҳокимининг айни масалага масъул ўринбосарини қидириб бордик. Унинг мутахассисларидан бири ўринбосар хонада эмаслигини, биз кўтарган масала юзасидан ҳеч қандай маълумот беролмаслигини билдирди.

Ҳоким ўринбосарининг қўл телефонига бир неча марта қилган қўнғироқларимиз эса жавобсиз қолди.

Дилмурод Тўхтаев,

Ф.Рўзибоев (фото).