Маст ҳолда машинани бошқарманг!
Йўл ҳаракати қоидалари йўлларда тартиб ўрнатиш, йўловчиларнинг эсон-омон манзилига етиб олиши учун ишлаб чиқилган. Бу қоидалар бузилган ҳар бир ҳолатда, албатта, кимгадир зиён етади. Шунинг учун ҳайдовчилик ва йўловчилик маданиятини ривожлантиришимиз лозим.
Статистик маълумотларга қараганда, 2021 йилда 10 001 та йўл-транспорт ҳодисасида 9 минг 230 нафар фуқаро жароҳатланиб, 2 минг 436 нафари ҳалок бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг сезиларли қисми автомобилни маст ҳолда бошқариш оқибатида келиб чиққан.
Қоидабузарликнинг ҳаммаси салбий ҳолат, лекин маст ҳолда автомашина бошқаришни ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмайди. Автомобилни маст ҳолда ҳайдаш деганда нафақат алкоголли ичимлик, балки наркотик модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариш ҳам назарда тутилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131-моддаси “Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш” деб номланган. Бу моддада ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан маст ҳолда бошқариш. Шунингдек, алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш каби ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилган.
Мастлик даражаси қондаги алкоголь миқдорини ўлчаш орқали аниқланади. Қондаги алкоголь миқдорини аниқлашга қаратилган илмий ёндашувлар XX асрнинг 20-йилларида мазкур мавзу бўйича бир қатор ўрганишлар ўтказган швед тадқиқотчиси Эрик Видмарк тадқиқотларига бориб тақалади. Унинг асарларида келтирилган «Видмарк формуласи» усули ҳозирга қадар алкоголь концентрациясини аниқлаш учун фойдаланилади. Қондаги алкоголь концентрацияси миқдорида промилледа (фоизнинг ўндан бири) ўлчанади.
Автомобилни бошқараётган шахсни мастлик ҳолатида деб ҳисоблашга етарли асослар бўлган тақдирда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан унинг мастлик ҳолати текширувдан ўтказилади.
Қуйидаги ҳолатлар текширув ўтказиш учун асос бўлади:
- ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши;
- ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);
- ҳайдовчи нутқининг бузилгани;
- ҳайдовчи қўл бармоқларининг қалтираши;
- ҳайдовчи юз териси рангининг сезиларли ўзгаргани.
Ҳайдовчиларнинг мастлик фактини аниқлашдаги энг мақбул йўл – улар тўхтатилган жойнинг ўзида алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказишдир.
Текширув олдидан ҳайдовчи алкотестернинг ишлаш тартиби билан таништирилади. Ҳайдовчи пуфлаганда этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги факти юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Унга алкотестер орқали олинган маълумотлар илова қилинади.
Агар ҳайдовчи алкотестер ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортса, алкотестер натижаларига рози бўлмаса, шунингдек ҳайдовчи алкоголли ичимлик таъсиридан маст ҳолатда эканлиги аниқланмаган, бироқ унинг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлиги белгилари мавжуд бўлса, тиббий текширувдан ўтказиш учун туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради.
Тиббий текширув ҳайдовчи тўхтатилган пайтдан бошлаб узоғи билан бир соат ичида ўтказилиши лозим. Мастлик факти наркологик диспансерларда наркологлар ёки даволаш-профилактика муассасаларида махсус тайёргарликдан ўтган шифокорлар томонидан аниқланади.
Ҳайдовчиларнинг текширувдан ўтишдан бош тортиши, бўйин товлаши маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бу қилмишга нисбатан жазо эса автомобилни маст ҳолда бошқариш учун қўлланиладиган жазо билан деярли тенг.
Кейинги пайтларда транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш ҳоллари ҳам кўп учрамоқда. Бу ҳолат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 136-моддасида мустаҳкамланган ва ҳуқуқий баҳо берилган.
Олий суд томонидан 2021 йилда транспорт воситаларининг маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг кўрилиши бўйича суд амалиёти умумлаштирилди. Ушбу умумлаштириш натижаларига кўра 2022 йил 5 сентябрь куни Раёсат қарори қабул қилинди.
Раёсат қарорида Самарқанд вилояти ҳудудида мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар ошганлиги, шу жумладан аёллар ва давлат идоралари ходимлари томонидан содир этилиш кўрсаткичи юқори эканлиги қайд этилди.
Дарҳақиқат, 2021 йил давомида вилоят судлари томонидан жами кўриб тамомланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар 49 618 нафар шахсга нисбатан 37 859 тани ташкил этган. Шундан 6 506 нафар (13,1 фоиз) шахсга нисбатан 6400 таси (16,9 фоиз) мазкур тоифадаги ишлар ҳисобланади.
41 нафар хотин-қиз маст ҳолда автомашина бошқаргани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу Самарқанд вилоят судлари томонидан МЖтКнинг131-моддаси билан боғлиқ кўрилган ишларнинг 16,9 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, 12 нафар хотин-қиз мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу рақам 136-моддаси билан боғлиқ кўрилган ишларнинг 8,5 фоизидир.
Шунингдек, 74 нафар давлат идораларида ишловчилар маст ҳолда автомашина бошқаргани учун МЖтКнинг 131-моддаси билан жавобгар бўлган.
Мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликни содир этган давлат идораси ходимларининг соҳалар кесимидаги таҳлилида айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки назорат қилувчи идораларнинг масъул мансабдор шахслари томонидан ҳам содир этилаётганлиги кўриниб қолди. Айрим давлат идораси ходимларининг ҳуқуқбузарлик содир этиш кўрсаткичлари юқори эканлиги аниқланди. Уларнинг 31 нафари таълим тизими, 10 нафари тиббиёт ходимлари бўлса, 6 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти, 14 нафари банк ходимларидир.
Яна шунча, 74 нафар шахс МЖтКнинг 136-моддаси билан ҳуқуқбузарлик содир қилган, яъни мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан бош тортган.
Вилоят ҳудудида мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар ошганлиги, шу жумладан аёллар ва давлат идоралари ходимлари томонидан содир этилиш кўрсаткичи юқори эканлиги эътиборни тортади.
2022 йилда ҳам йўл ҳаракати билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир бўляпти. Йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида вилоят суди тизимида МЖтКнинг 131-моддаси билан боғлиқ 3416 та иш 3474 нафар шахсга нисбатан кўриб тамомланди.
3054 нафар шахсга жарима, 363 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Маст ҳолатда автомашина бошқариб, маъмурий жазо олганларнинг 40 нафари аёллар, 3 нафари вояга етмаганлар ҳамда 179 нафари 60 ёшдан ошганлар эканлиги ачинарлидир.
Шунингдек, йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида вилоят суди тизимида МЖтКнинг 136-моддаси билан боғлиқ 843 та иш 843 нафар шахсга нисбатан кўриб тамомланди.
750 нафар шахсга жарима, 86 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Маст ҳолатда автомашина бошқариб, мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлагани учун маъмурий жазо олганларнинг 6 нафари аёллар ҳамда 64 нафари 60 ёшдан ошганлардир.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш йўллардаги энг оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Маст ҳолда бошқариш нафақат ҳайдовчи, кўплаб бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳам бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда.
Йўлларда ўзингизни ва бошқаларни асранг! Энг муҳими, маст ҳолатда автомашина бошқарманг!
Толиб Бойзоқов,
вилоят суди раисининг ўринбосари.