Ёмғир сотувчи

Ёмғир сотувчи деган сўз қулоққа ғалати эшитилади: «Ёмғирни сотиб бўларканми?

Ҳа, бўларкан. Чарльз Хэтфильд деган киши ана шундай фавқулодда қобилияти билан тарихда ном қолдирган. У 1875 йилда Канзасда инглиз оиласида туғилган. Вояга етгач, кун кечириш учун тикув машиналари сотиш билан шуғулланган. Аммо у ёмғирни ўзига бўйсундириш орзуси билан яшаган. Бўш вақтида метеорология, химия ва физикани ўрганган. 1902 йилда Чарльзнинг кўп йиллик меҳнати ўз натижасини берган. У намни буйсундирувчи усулни кашф қилган. Унинг ёмғир чақирувчи усулига 28 модда аралашмаси кирган. Бу моддалар ўзаро реакция натижасида қизиган ва буғланиш ёғин чақирган.

Баҳслашиб ўтказилган биринчи тажрибаёқ яхшигина чойчақа келтирган. Чарльз тажрибасини икки йил давомида такомиллаштиргач, жиддий бизнес билан шуғулланишга қарор қилади. Укаси Пол билан бир неча газеталарда реклама бериб, Калифорнияда қурғоқчиликдан азият чекаётган фермерларга ўз хизматини таклиф қилади. Уларга атиги 50 долларга ёмғир ёғдириб беришини, пулни эса олдиндан эмас, кейин тўлашса ҳам бўлишини айтади. Бир неча фермер бунга ишонишмаса-да, таваккал қилиб у билан шартнома тузади. Чарльз бир жойда энг баланд тепаликни топиб, унинг устига олти метрли ёғоч минора қуради. Уйига рух идиш ўрнатиб, уни намни чақирувчи модда билан тўлдиради ва олов ёқади. Атрофга нохуш ҳид таралиб, осмонга буғ кўтарилади. Орадан икки кун ўтиб қақроқ ерга ҳаётбахш жала қуйилади. Чарльз Хутфильд учун пул эмас, «Ёмғир ҳукмдори» деган ном муҳим эди.

Қурғоқчилик ҳукмрон 1915 йилда Калифорния штатидаги Сан-Диего ҳокимияти Чарльзга 10 минг долларга сув омборини тўлғазиб беришни сўрайди. Морена кўли қирғоғида Чарльз ўзининг ёмғир чақирувчи минорасини ўрнатади. Реакцияни ишга туширади. Ҳамма нафас ютиб ёмғир ёғишини кутади. 1916 йилда Чарльз 25 минг долларга шартнома тузади. 1928 йилда Калифорнияда қуриган Катта Айиқ кўлини сув билан тўлдиради. Бир йилдан кейин Гондурас ҳукумати уни катта табиий ёнғинни ўчиришга таклиф этади. Бу «Ёмғир ҳукмдор»нинг сўнгги ютуғи эди. 1929 йилда бошланган катта инқироз кўпсонли қурбонлар қатори Чарльз Хэтфилдни ҳам банкротга учратади.

1958 йилда 83 ёшида вафот этади ва ўзининг «намни тезлаштирувчи» усули сирини ҳеч кимга айтмай кетади.

Т.Шомуродов тайёрлади.