Ёшлар конституцияси - янгиланаётган қомусимиз бизга нима беради?

Ҳозирги шиддат билан ривожланиб бораётган замонда агар сиз бир лаҳза бефарқлик ёки лоқайдликка йўл қўйсангиз одамлардан ортда қолиб кетасиз. Биз кўраётган янги технологиялар, сунъий интеллектларнинг пайдо бўлиши, уларнинг инсон каби фикрлай бошлаши бизни янада ҳушёр ва замон билан ҳамнафас бўлишга ундайди.

Шу билан бир қаторда 1992 йилда қабул қилинган давлатимиз қомуси - Конституциямизни ҳам янгилаш замон талабига айланиб улгурди. Кейинги йилларда қилинган ислоҳотлар нафақат инсонларнинг дунёқарашини, балки жамиятимизнинг умумий онгини ва талабини ҳам юксак савияга кўтаришга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан янги қонунлар қабул қилишни, мавжудларини эса такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Бизнинг конституциямизга ўзгартиш киритиш ҳам замон талаби, десак хато бўлмайди. Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан бугунга қадар 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган бўлса, уларнинг 60 фоиздан ортиғи бевосита ёшлар томонидан берилган. Шунинг учун ҳам янгиланаётган Конституцияда ёшларга оид қатор нормалар, ҳатто битта алоҳида боб «Оила, болалар ва ёшлар» масаласига бағишланди.

Ёшларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратилиб, давлат эндиликда нафақат умумий ўрта таълим, балки бошланғич профессионал таълим олишни ҳам бепул бўлишини кафолатлайди. Энг муҳим янгиликлардан бири, бу – алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши бўлди. Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади. Бу норма шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун жуда муҳимдир.

Келинг, ҳолатга реал қарасак, ҳозир ёшларимиз энг кўп фойдаланадиган ва ўз фикрларини билдирадиган жой бу - интернет. Энди янги конституциямизга кўра. ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Фикримча, ушбу норма ҳаттоки интернет тармоғида ҳам юртдошларимизнинг ҳуқуқларини кафолатлаб, уларнинг хавфсизлигини Конституция даражасида ҳимоя қилади.

Аллаёр Норбоев,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ёшлар етакчиси.