Ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш пандемия даврида қай даражада муҳим?

Мана шу ярим йил ичида бутун дунёда COVID-19 инфекцияси пандемияси муносабати билан киритилган карантин шароитида яшаб келмоқда. Бу мураккаб даврда, барча давлатларда учраётган асосий муаммо - бу аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, даромад билан таъминлаш бўлиб қолмоқда.
Шу қаторда, ёшларни банд этиш ва уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам долзарб муаммолар сирасига киради. Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар 1,2 миллиард бўлиб, дунё аҳолисининг 16 фоизини ташкил этади.
Ёшлар муаммоси билан боғлиқ масалалар нафақат ривожланаётган мамлакатларда жиддийлашмоқда, балки ривожланган давлатларни ҳам ташвишлантирмоқда.
Шунингдек, меҳнат бозори ўзгариб, ёшлар доимий равишда янги шароитларга мослашиб, керакли кўникмаларга эга бўлиши давр тақозосидир.
Бироқ мавжуд ўқув жараёни билан боғлиқ таълим тизими ёшларнинг эҳтиёжларини қондира олмаятганлиги ҳам бир муаммо. Шунинг учун, ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва иш билан таъминлаш БМТнинг барқарор ривожланиш дастурида 2030 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган.
Агар статистик маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, қўйидагиларни кўришимиз мумкин: Ҳозир дунёда ёшлар сони ҳар қачонгидан ҳам кўп бўлиб, уларнинг 90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади. Ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси ўрта ёшдагиларга нисбатан 3 баробар юқори бўлиб, 2026 йилга бориб меҳнат бозорига 600 миллион қўшимча иш ўрни қўшилмас экан, бу кўрсаткич ўсишда давом этади.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.
Ёшлар муаммоларини самарали ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг 30 июнида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ, ёшлар сиёсатини юритишда давлат идоралари олдига масала қўя оладиган, зарур ваколат ва молиявий ресурсларга эга бўлган Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.
Мактабданоқ касбга ўқитиш тизими жорий этилиши муносабати билан навбатдаги ўқув йилидан бошлаб мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таълимга кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўланиши белгиланмоқда. Бунинг учун 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг касблар кесимида қизиқишини аниқлаш, 8-9 синф ўқувчилари дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллаши, 10-синфдан робототехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, маҳаллаларда 136 та касб-ҳунар ўқитиш маскани, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиб, 31 та касб-ҳунарга ўқитиш марказларини жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Бу мақсадлар учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Бандликка кўмаклашиш жамғармасига 200 миллиард сўм ажратиш, ўқув курсларини, аввало, камбағаллик энг юқори бўлган маҳаллаларда ташкил этиш назарда тутилган.
Бироқ меҳнат бозоридаги бугунги талаб ва ёшларнинг уларга тайёрлиги масаласига танқидий қарасак, жорий ўқув йилида 339 та касб-ҳунар мактаблари, 212 та коллеж, 175 та техникумда 215 минг нафар ёшларнинг таълим олиши режалаштирилган. Лекин бу таълим масканларидаги йўналишлар на сон, на сифат бўйича талабга жавоб беради.
Мисол учун, мамлакатимизда катта кўламда қурилишлар бўлаётган бугунги даврда йилига камида 50 минг нафар профессионал қурувчига эҳтиёж бор. Бироқ қурилиш йўналишида 170 та коллежда 13 минг мутахассис тайёрлаш режалаштирилган, холос. Ёки IT-технологиялар бўйича “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бошланганига қарамай, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларга ушбу мутахассисликлар бўйича бор-йўғи 12 минг нафар ўқувчи қабул қилинади.
Давлат томонидан ёшларга оид амалга оширилган яна бир муҳим масала Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қошида Венчур фонд ташкил этилиши саналади. Ушбу жамғармага дастлаб 1 миллион доллар йўналтирилмоқда. Шунингдек, стартап лойиҳалар танловини ташкил этиш орқали жорий йилда ҳар бир вилоятда камида 10 та, келгуси йилдан бошлаб йилига камида 20 та энг яхши стартап лойиҳаларга 50 миллиондан 200 миллион сўмгача грант ажратилиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, қудуқ қазиш, суғориш воситалари харид қилиш, иссиқхона ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун ёшларга субсидиялар берилади. Ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, банк ва бошқа соҳалар бўйича консалтинг хизматлари харажатлари қопланади.
Умуман, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади.
Шу боис давлат ёшлар қатламига «муаммо» деб эмас, балки юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қарамоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.
Cардора ШАКИРОВА,
Юристлар малакасини ошириш маркази ходими.