ЙПХ инспекторини ҳақорат қилиб, қаршилик кўрсатган ҳайдовчи 15 суткага қамалди
Коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда карантин эълон қилинган. Шу сабабли фуқароларга яшаш хонадонларидан мақсадсиз кўчага чиқмаслик ва зарурат билан чиқилганда, тиббий ҳимоя ниқобида бўлишлари талаб этилмоқда.
Бу жараён барчамиздан, айниқса, ЙПХ ходимларидан катта масъулият талаб этмоқда. Йўлларда транспорт воситалари ҳам махсус рухсатнома билан ҳаракатланиши талаб этиляпти.
Аммо юртдошларимиз орасида тартиб-қоидаларни писанд қилмайдиган айрим ҳайдовчиларнинг борлиги ачинарли ҳол.
Бугун, 10 апрель куни Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасидан ҳаракатланиб келаётган 30 J 727 OА давлат рақам белгили "Ласетти" автомашинаси тўхтатиб текширилганда, карантин қоидаларини бузган транспорт воситаси ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмай, унга кескин қаршилик кўрсатади.
Шунингдек, оғзига келган турли номақбул сўзлар билан ички ишлар ходимини ҳақорот қилади.
Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳуқуқбузарнинг ушбу иши маъмурий чора кўриш учун судга жўнатилди.
Суд томонидан ҳуқуқбузарга “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 194 моддаси 1-қисми, 195-моддалари қўлланилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.