ЙПХ инспекторлари ашёвий далиллар билан ўғриларни ушлади
Жорий йилнинг 24 февраль куни соат 01:00 ларда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ЙПХ отряди командирининг ўринбосари О.Нуринбоев ва ЙПХ инспектори Х.Раҳмоновлар белгиланган тақсимот асосида Олмалиқ шаҳар ҳудудида хизмат олиб боришаётган вақтда инспектор Х.Раҳмонов ўрнатилган тартибда “Ваз-2103” русумли транспорт воситаси ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берган. Ҳайдовчи ишорани кўриб туриб, ҳаракатни давом эттирган.
Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида автомашина тўхтатилган. Ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини беришдан бош тортган.
Шунингдек, ушбу транспорт воситасида йўловчи сифатида кетаётган 2 нафар йигитлар шубхали ҳаракатлар содир этиб, ўзларини ғалати тутишган. Бундан шубҳаланган ходимлар уларни туман ИИБга олиб боришган.
Туман ИИБда ўтказилган текширувда йигитларнинг сумкасидан ниқоб, турли хил симлар ва ўғирлик қилишда қўл келадиган ашёвий далиллар, автомобиль эҳтиёт қисмлари топилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.
Туман ИИБга келиб тушган мурожаатлар ўрганилган вақтда фуқаро Ф.К.га тегишли “Дамас” русумли автомашинадан номаълум шахслар видео қайд этиш мосламасини ўғирлаб кетишганлиги маълум бўлган. Сумкадан топилган видео қайд этиш мосламаси фуқаро Ф.К.нинг мурожаатида кўрсатилган буюмнинг айнан ўзи бўлиб чиққан.
Ашёвий далиллар етарли бўлганлиги сабабли қўлга олинган фуқаролар, 1999 йилда туғилган Ш.Қ. ва 2000 йилда туғилган А.Т.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси, 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.