Юк машинасида 4 нафар фуқарони Тошкентга олиб кирмоқчи бўлган ҳайдовчи ушланди

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшовчи 47 ёшли ҳайдовчи 4 апрель, шанба куни ўзининг юк машинасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти билан бирга 4 нафар фуқарони белгиланган чекловларга зид равишда Тошкент шаҳрига олиб кирмоқчи бўлгани аниқланди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, ҳайдовчи уларнинг ҳар биридан 50 минг сўмдан олган.

Шунга ўхшаган карантин қоидаларини бузиш ҳаракатлари Тошкент шаҳрига кириш постларининг ўзида 20 дан ортиқ аниқланган. Ундан ташқари, Термиз, Наманган, Самарқанд, Бухоро шаҳарларига ҳам кириб-чиқишда бундай ҳолатлар бир неча маротабалаб аниқланган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрига кириб келмоқчи бўлган, бошқа вилоятларда тергов ва суддан яширинган 3 нафар қидирувдаги шахс ушланган ҳамда 4 та ҳолатда Тошкент шаҳрида сотишга мўлжалланган наркотик ва психотроп моддаларни олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланган.

Мазкур ҳуқуқбузарликларнинг барчаси юк ташиш машиналаридан фойдаланиб содир этилган.