"Юксалиш" ҳаракати боғча ва мактабларда ўқишни кейинги ҳафтадан бошлашга чақирди

"Юксалиш" ҳаракати аномал совуқ об-ҳаво шароити сабабли Ўзбекистонда боғча ва мактаблар ишини бошлашни кечиктиришга чақирди.

"Биз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим жараёнларига масъул ҳудудий идораларни мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирамиз.

Аввало, аномал совуқ ва ёғингарчилик шароитида ўқувчиларнинг таълим муассасига етиб келиши кескин қийинлашади. Айрим қишлоқларда болалар бир неча километр пиёда юриб мактабга қатнашини инобатга олиш зарур", дейди "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.

Унинг қайд этишича, мурожаатларга кўра, қатор ҳудудларда мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида иситиш тизимлари тўлақонли йўлга қўйилмаган.

Ўқишни бошлашнинг аниқ муддатини белгилаш қарори нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиниши лозим.