Юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашмоқда

"Ўзэкспомарказ"да даволанаётган коронавирусга чалинган беморлар Зангиотага кўчирилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова маълум қилди.

2020 йил 11 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 74 811 нафарни ташкил этмоқда. Касалликдан соғайганлар жами 72084 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 97 фоизни ташкил қилмоқда.

Тошкент шаҳрида эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашаётгани инобатга олиниб, коронавирусга чалинган ва гумон қилинган беморларга муолажа узлуксизлигини таъминлаш ва инфекцияга қарши курашга ихтисослашган кучларнинг тарқоқлигига барҳам бериш мақсадида “Ўзэкспомарказ”нинг 3- ва 4-павилионларидаги саралаш ва тақсимлаш маркази ва “Универсал” спорт мажмуасидаги саралаш ва тақсимлаш марказига коронавирусга чалинган ва унда гумон қилинган беморларни қабул қилиш тўхтатилди.

Бу муассасаларда даволанаётган беморлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилади.

Вақтинчалик шифохоналарда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари билан меҳнат шартномалари тегишли тартибда бекор қилиниб, улар аввалги иш жойларига қайтарилади.

Ҳозирда мамлакатимизда пандемия хавфи нисбатан камайгани туфайли коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан шуғулланадиган 159 та тиббиёт муассасасидан фақат 32 таси фаолият юритмоқда.

Тошкент шаҳридаги шаҳар перинатал маркази 2 декабрдан бошлаб короновирус инфекциясига гумон қилинган ва касалланган хомиладорлар аёлларни қабул қилишни тўхтатади.

Ушбу тоифадаги ҳомиладор аёллар ҳам Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилди. Ушбу шифохонада ҳам юқори малакага эга бўлган акушер-гинекологлар, реаниматологлар, неонатологлар ишлашади ҳамда муассаса барча керакли моддий-техника базаси билан таъминланган.