Зафар КАРИМОВ: “Директорлари вакант мактабларнинг кўпайиб бораётгани фақат бизга боғлиқ эмас”
– Жорий ўқув йили якунида вилоятимиздаги 71 та мактаб директори лавозимлари вакант бўлиб, улар турли сабабларга кўра, директорлик лавозимларидан озод этилган. Мазкур мактабларда вакант бўлган директор лавозимига номзодларни тавсия этишда бир қатор муаммолар юзага келмоқда, - деди Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зафар Каримов. – Масалан, 2018 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг “Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларида кузатув кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди. Унга кўра, кузатув кенгашлари ҳудудий халқ таълими бошқармаси жамоатчилик комиссияси томонидан юборилган камида 3 нафар номзодларни кўриб чиқиб, 10 кун муддат ичида кенгашнинг навбатдан ташқари йиғилишини чақириб, йиғилишда номзодлардан бирини сайлаши лозим бўлади. Бироқ кўп ҳолларда бошқарма томонидан тавсия этилган номзодлар қўшни ҳудудлардан тавсия этилаётганлиги сабабли кенгашнинг эътирозларига олиб келяпти ва мактаблардаги вакант ўринларга директорларни тайинлашда тўхталиш бўляпти.
Мактабларда вакант ўринларини камайтириш мақсадида Халқ таълими вазирининг буйруғига асосан uzedu.uz сайтига бўш иш ўринлари бўйича эълонлар берилмоқда ва 15 кунлик муддат ичида директор лавозимига номзодини қўймоқчи бўлганлар ушбу сайт орқали мурожаат қилиши йўлга қўйилди. Аксарият ҳолларда 15 кунлик муддат ўтгандан кейин ҳам танлов ўтказиш учун етарли номзодлар рўйхатдан ўтмаслиги вакант жойларнинг ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.
2019 йил 15 июль ҳолатига вакант директор лавозимларга тавсия этилаётган 3 нафардан номзодларни кўриб чиқиш ва кузатув кенгашларига тавсия этиш бўйича туман ва шаҳарлар кесимида муддатлари белгиланди. Белгиланган муддатларда номзодларни тайинлаш чоралари кўрилмоқда. Бу ишлар бўйича туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирларига тегишли кўрсатмалар берилди.