@zarafshonbot‘га мурожаат: Сув қувурига “задвижка”ни ким ўрнатади – аҳолими ёки таъминот корхонаси?
Самарқанд шаҳридаги Марғилон ҳамда Бирлик 1-тор кўчалари бўйлаб тортилган ичимлик суви қувурларининг жами узунлиги қарийб бир километрни ташкил этади.
Ушбу масофадаги қувурларнинг аксарияти муддатини ўтаб яроқсиз ҳолга келиб бўлган. Айни кунларда Бирлик 1-тор кўчадаги қувурларнинг маълум бир қисми тешилавериб, шаҳар сув таъминотига мурожаат қилаверишдан безган аҳоли ҳисобидан, ҳашар йўли билан янгиланмоқда.
Бизни хавотирга солаётган масала - икки кўча аҳолисига сув етказувчи қувурларга атиги битта назорат крани (задвижка) ўрнатилган, холос (у ҳам носоз ҳолга келиб қолган). Кўчаларнинг гоҳ у, гоҳ бу қисмида қувурлар тешилган, авария ҳолатлари юз берган пайтда бутун маҳалланинг сувини беркитишга тўғри келяпти.
Мазкур қувурнинг маълум қисмларига 3-4 та назорат кранларини ўрнатишда ёрдам сўраб Самарқанд шаҳар сув таъминоти корхонаси, шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилганимизга уч ой бўляпти. Аммо бу идоралардан ҳеч бир жавоб хати олганимиз йўқ.
Қодир ЭРГАШЕВ,
Самарқанд шаҳри Бирлик маҳалласи.