Такси, йўловчи, ҳайдовчи. Уларнинг қай бири қадрли?
Бу галги хизмат сафаримиз вилоятнинг олис тумани – Пахтачига бўлди. Пахтачига борувчилар яхши билса керак, бу ҳудудга автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Бунинг сабабини ҳам яхши тушунамиз, Самарқанд шаҳридан 145 километр узоқликдаги туман аҳли учун шаҳар маркази билан боғлиқ турли масалалар юзасидан улардан 16 километр узоқликда бўлган Навоий шаҳрига бориш қулайроқ. Аммо Самарқанд шаҳрига келишга ҳам эҳтиёж бор, албатта.
Хуллас, йўлга чиқдик. Аввал Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейи ёнидаги майдончада тўпланадиган, Нарпай, Каттақўрғонга қатновчи автоулов эгаларидан бири билан нарх-навони суриштирдик. «Нарпайнинг Мирбозоригача 50 минг сўм билан бораман, майли, сизлар учун 45 минг бўла қолсин», деди ҳайдовчи. Нақ капалагимиз учиб кетди. Тортишдик, ҳайдовчини инсофга чақирдик, фойдаси йўқ. Ҳайдовчилар йўловчининг бошқа иложи йўқлигини жуда яхши билади шекилли, айтган нархидан тушмади. Хуллас, у айтган нархга кўниб, уловга ўтирдик. Шунда карантин қоидаларига қатъий амал қилаётган (қатъий бўлмаса-да, аммо жаримадан қўрқиб, кўпчилик такси ҳайдовчилари қоидаларни ҳурмат қилмоқда) шаҳар ичида қатновчи такси ҳайдовчилари билан уларни солиштира бошладим. Табиийки, улар барча туманларга қатновчи йўналишли таксилар сингари бир ташкилотда бирлашмаган, таваккал қилиб йўлга чиққан такси ҳайдовчиларидир. Шунинг учун бўлса керак, шаҳар ичида ҳаракатланадиган таксилардан фарқли ўлароқ автомобиль салонини тўлдириб одам олди. Ўртада махсус плёнка йўқ, таксига минган йўловчилардан тортиб, ҳайдовчилар ҳам ниқобини иягига тушириб қўйган.
- Сизлар нархдан норози бўласизлар, мениям тушунинглар-да, ахир. Кайтишда деярли одам бўлмайди. 20 минг сўм билан ҳам олиб қайтавераман, - деди ҳайдовчи. – Ишонмасангиз, келинглар, айтган гапим гап, қайтишда бир баравар арзон.
- Демак, қайтаётганлар учун ҳам бораётганлар пул тўлар эканда-а…
- Бошқа илож йўқ, синглим.
Хуллас, шу тахлит Нарпайнинг Мирбозорига қадар етиб бордик. Нарпай қизил ҳудуд бўлгани учун кўчада одам анча кам. Аммо йўл бўйидаги расталарда нонлар очиқ-сочиқ, карантин қоидаларига зид тарзда сотилаётир.
Шу ердан енгил машинада Пахтачи туманига қараб йўл олдик. «10 минг сўмдан берасизлар», деди ҳайдовчи. Ўзимизни Самарқанддаги туманлардан бирига эмас, бошқа вилоятга боргандай ҳис қилдик. Пахтачига бораётганда ҳам салон одамга тўла, ҳартугул йўловчилар ниқобни иягига илдириб олмаган, қоидага кўра таққан. «Бизда жуда қаттиқ оляпти, ниқобсиз юрган одам борки, жаримага тортиляпти, шунинг учун қоидага амал қилади ҳамма», деди йўловчи онахонлардан бири.
Пахтачи тумани биз хизмат сафари билан борган пайти яшил ҳудуд эди. Онахоннинг гапи рост шекилли, кўчада ниқобсиз ёки номига оғизтўсар илиб олган одамни деярли учратмадик. Кўчаларда велосипедда ҳаракатланувчи одамлар кўплигига гувоҳ бўлдик. Ҳатто оналар ҳам болалари билан велосипедда ҳаракатланаётгани эътиборимизни тортди. Бу карантин пайтида йўлкира нархлари ошгани билан боғлиқмикан ёки пахтачиликлар соғлом турмуш тарзи тарафдорими буёғи бизга қоронғу. Аммо нима бўлганда ҳам велосипеднинг оммалашаётганидан хурсанд бўлдик.
Қайтиш ростдан ҳам сал арзонроққа тушди. Ҳайдовчини қирқ минг сўм билан Самарқанд шаҳригача бизни етказиб қўйишга зўрға кўндирдик.
Хуллас, жамоат транспорти йўлга қўйилмаган Пахтачи тумани аҳли Самарқанд шаҳрига келиш учун нечоғлик қийналишини ўзимиз ҳис этдик. Эҳтимол, Пахтачига бориш учун бир пайтлардаги сингари темирйўл транспортидан фойдаланиш мумкиндир. Бу ҳақда мутасаддилар нима дейди, билмадиму, аммо алоҳида темирйўл ўтказиш ҳам шарт бўлмаган Нарпай, Пахтачи туманларига тўғридан тўғри бўлмаса-да, аммо вилоятлараро қатновчи поездлар учун шу туманларда ҳам бекатлар ташкил қилиш ҳақида ўйлаб кўриш керак, назаримда. Нархи осмонда бўлган «Афросиёб» поездини назарда тутганимиз йўқ, албатта. Ҳамёнбоп, аммо аниқ вақтда қатнайдиган поезд йўналишлари ҳақида гап кетмоқда.
Гулруҳ Мўминова.