10 ёшли қиз қариликдан вафот этди
Украинанинг Винница вилоятидан бўлган ўн ёшли қиз Ира Химич қариликдан вафот этди. Қизчанинг ўлими ҳақида онаси ўзининг Facebook саҳифасида хабар берган.
"Ира вафот этди. Кеча унинг юраги тўхтади. Мени кечир, қизим, сени қутқара олмадим", деб ёзади аёл.
Қиз прогериядан азият чеккан. Бу кам учрайдиган генетик, даволаб бўлмайдиган касаллик, хаттинсон-гилдфорд синдроми деб ҳам аталади.
Касаллик тери ва ички органларда ўзгаришлар юз бериши билан кечади. Бу организмнинг эрта қариши натижасида юзага келади - чақалоқ бир неча ой давомида нормал ривожланади, аммо кейин унинг қариши сезиларли даражада тезлашади.
Болаликдаги прогерия туғма бўлиши мумкин бўлса-да, аксарият беморларда одатда икки-уч ёшдан кейин клиник белгилар пайдо бўлади. Боланинг ўсиши кескин секинлашади, тери ости тўқималарида, айниқса юз ва оёқ-қўлларда атрофик ўзгаришлар қайд этилади. Тери ингичкалашади, қурийди, ажин пайдо бўлади, танада склеродерма (бирикувчи тўқима касаллиги, унинг асосий намоён бўлиши қон таъминоти ва органлар, тўқималарнинг қотиши билан кечади)га ўхшаш ўчоқлар, гиперпигментация пайдо бўлиши мумкин. Юпқалашган теридан томирлар бўртиб туради.
Беморнинг ташқи кўриниши: тумшуқ шаклидаги бурун билан кичик учли ("қуш") юз, катта бош, пастки жағ ривожланмайди. Мушаклар атрофияси, тиш, соч ва тирноқларда дегенератив жараёнлар ҳам кузатилади.
Прогерия билан касалланганлар бир йилда биологик жиҳатдан ўн ёшга тўлиши мумкин. Бола прогериясида ўртача умр кўриш давомийлиги 13 йил.
Шифокорлар Иринага беш ёшида ташхис қўйишган эди.
Г.Холдорова тайёрлади.