12 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотган ўқувчи ва талабаларнинг пенсиялари 23 ёшгача узайтирилди
Пенсия жамғармасининг 2022 йил 9 ойлиги даромадлари прогноз кўрсаткичлари 23 032,0 млрд. сўм этиб белгиланган бўлиб, ижро 24 097,8 млрд. сўмга ёки 105 фоизга бажарилган.
Шунингдек, жамғарма томонидан 4,2 млн. нафар пенсия ва нафақа олувчиларга 36,7 трлн. сўм харажатлар амалга оширилган.
2022 йилнинг 9 ойи давомида Пенсия жамғармаси томонидан 336,9 минг нафар фуқарога пенсия ва нафақалар тайинланган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 43,1 минг нафарга ёки 14,6 фоизга ошган.
Пенсия жамғармаси томонидан тайинланадиган 12 турдаги пенсия ва нафақаларнинг 9 турини бугунги кунда инсон омилисиз, автоматик, интерактив ва проактив шаклда тайинлаш тизими йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 9 ойи давомида 1,2 млн. нафар фуқарога интерактив ва масофавий хизматлар кўрсатилган.
Бундан ташқари Қонунчиликдаги ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ: аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг хаммасини жамланганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш ҳуқуқи берилди. Натижада, 80 мингдан ортиқ 2 ва ундан ортиқ фарзанди бўлган аёлларнинг пенсия миқдорлари ўртача 15 минг сўмдан 50 минг сўмгача ошди.
Ўқувчи ва талабалар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқини таълим муассасаларида ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунга қадар сақлаб қолиш ҳуқуқи берилди. Натижада, 12 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотган ўқувчи ва талабаларнинг пенсиялари 23 ёшгача узайтирилди.