12 ёшли фарзандини 200 миллион сўмга сотаётган эр-хотин қўлга олинди
Шовотлик Бекпошша (исмлар ўзгартирилди) арзимаган келишмовчилик сабаб турмуш ўртоғи билан ажрашди.
Темур кўп ўтмай бошқа бир аёлга уйланди. Бекпошша ҳам урганчлик Қобил деган йигит билан аҳду паймон қилишди. Шаҳардаги қурилиш ташкилотларидан бирида ишловчи Қобил Бекпошша билан шаърий никоҳдан ўтиб, уни ижарада яшаётган уйига олиб келди...
Орадан йиллар ўтиб, икки ўғил дунёга келди. Улар улғайган сари оила ташвишлари ҳам ортиб борди. Қобилнинг топгани эса ҳатто оила кам-кўстига ҳам етмай қолди. Бекпошша шаҳардаги умумтаълим мактабларидан бирига фаррош бўлиб ишга кирди. Шунга қарамай, эр-хотиннинг топгани кундалик эҳтиёжи билан ижара ҳақига зўрға етарди.
Ана шундай кунларнинг бирида Бекпошша бола асраб олиш илинжида юрган Малика исмли аёл билан танишиб қолди ва оқ-қорани таниган 12 яшар тўнғич ўғлини унга сотмоқчи бўлди. Қобил ҳам турмуш ўртоғининг бу таклифини маъқуллади. Ота-она ўғли Сардор учун 200 миллион сўм сўрашди.
Малика барча ҳужжатларни қонуний тартибда расмийлаштиришни, қанча сарф-харажат бўлса, тўлашини айтди. Аммо улар Маликанинг бу таклифига рози бўлишмади. Фарзандидан мол-дунёни устун қўйишди.
Малика бу нафс бандаларининг қилмишидан нафратланса-да, ўзини уларнинг шартига кўнгандек кўрсатди ва шу куниёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.
Ўз фарзандини сотишдек оғир жиноятга қўл урган эр-хотин қилмишига яраша жавобгарликка тортилди, дейилади "Postda.uz" нашри хабарида.