16, 24 февраль ва 1 март кунлари ҳашар ўтказилиши эълон қилинди

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари томонидан самарқандликларни ҳашарга чорлаш юзасидан мурожаат эълон қилинди

“Азиз самарқандликлар!
Озодалик ортида қандай эзгу натижалар борлигини ҳаммамиз яхши биламиз. “Уйингизни озода сақланг, шунда оилангизга барака киради”, “Тозалик бор жойда файз-барака бўлади” деган гаплар бежиз пайдо бўлмаган.

Вилоятимизнинг тоза-озодалигини сақлаш ҳамда янада обод ва ораста бўлишини таъминлаш, ҳудудларимизда кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида шу йилнинг 16, 24 февраль ва 1 март кунлари Самарқандда оммавий ҳашар ўтказишга чақирамиз.

Ҳашарда ҳар бир хонадон ва унинг атрофида, томорқалар, ариқ бўйлари, кўчалар, қабристонларда боғ ва хиёбонлар, майдончаларда, идоралар, ташкилотлар, муассасалар, фермер хўжаликлари ҳудудларида тозалаш, ободонлаштириш ишларини амалга оширсак, ариқларни тартибга келтирсак, чиқиндиларни белгиланган жойларга чиқариб ташласак, насиб этса, баҳорни обод, кўркам масканларда қарши оламиз.
Барча самарқандликларни, вилоятимиз аҳлини ушбу эзгу иш — оммавий ҳашарда фаол қатнашишга чақирамиз!” дейилади мурожаатда.