18 апрель – Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни (1983)
Қадимий ва бой тарихимизни ўрганиш, кенг тарғиб этиш ёшларда қандай буюк зотларнинг, дунё илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган улуғ олим ва мутафаккирларнинг авлоди, бетакрор мерос вориси эканидан фахрланиш туйғусини кучайтириш, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўтган асрнинг ўрталарига келиб жаҳон жамоатчилиги нодир ва бетакрор ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни умумбашарият мулки сифатида келажак авлодларга етказиш масаласига эътибор қарата бошлади. ЮНЕСКО 1972 йил Парижда бўлиб ўтган симпозиумда Маданий ва табиий мерос ёдгорликларини муҳофазага олиш ҳақида резолюция қабул қилди. 1983 йилда БМТ томонидан 18 апрель – Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни, деб белгиланди. 2003 йилда ЮНЕСКО номоддий маданий меросларни муҳофазасига олиш ҳақида қарор чиқарди.
Президент раҳнамолигида миллий қадриятларимизни, юртимиздаги тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Мамлакатимиз, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ушбу ҳужжат асосида қадимий ёдгорликларни ўрганиш, қайта тиклаш бўйича кенг кўламли илмий изланишлар ва тадқиқотлар олиб борилмоқда. Хусусан, Кот-Фирқалъа, Тупроққалъа, Ақчахонқалъа, Аёзқалъа, Чилпиқ, Миздахкан сингари маданий ёдгорликлар ўрганилиб, халқаро туризм йўналишига киритилди.
Австралия халқаро археологик экспедицияси билан ҳамкорликда 1995 йилдан буён Беруний туманидаги Ақчахонқалъа ёдгорлигида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Тадқиқотлар натижасида Тошхирмон воҳасидаги бу қалъа деворлари қалин пахса ва катта ғиштлардан қурилгани, ҳар бир ғиштга ўша давр уруғлари тамғаси босилгани маълум бўлди. Умумий майдони 50 гектар бўлган қалъа ёдгорлиги бир-бирининг ичига жойлашган ташқи ва ички қалъалардан иборат. Тўпланган археологик материаллар бу ерда ўз даврида халқ ҳунармандлигининг кўпгина турлари ривожланганини кўрсатмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида сақланаётган бу материаллар устида лаборатория-текширув ишлари олиб борилаётир. Қалъадан топилган рангтасвир санъати намуналари Австралия, Франция, Лихтенштейн ва ирландиялик олим ва мутахассислар томонидан ҳам ўрганилмоқда. Лаборатория-таҳлил ишлари ниҳоясига етказилгач, халқимизнинг қадимий тарихи, амалий санъати намуналари ва бой маданий меросини тарғиб этиш мақсадида ривожланган давлатлар музейларида кўчма кўргазмалар ташкил этилиши режалаштирилган.
Ақчахонқалъа ёдгорлигида олиб борилган илмий текширувлар ва қазиш ишлари натижасида унинг атрофида қадимий Тошхирмон, Чўпон, Шейитлик, Тўпроққалъа-3, Қоратепа-2,3,4, Кўпанқалъа, Жигарман каби ўнлаб археологик ёдгорликлар топилди.
Мамлакатимизда миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирган ушбу ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, аждодлардан ифтихор қилиш туйғусини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ғайраддин ХЎЖАНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог олим.