19 миллион сўмдан ортиқ алимент пулларини тўламаган фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг суд қарорига асосан қарздор С.Шерназаров томонидан ундирувчи Р.Эшқувватованинг фойдасига икки нафар фарзандларининг вояга етгунларига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган. Бу ҳақда Zarnews.uz сайтига Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими хабар бермоқда.
Алимент пуллари қарздор С.Шерназаров томонидан қасддан тўлаб берилмаганлиги сабабли Иштихон туман маъмурий судининг қарори билан С.Шерназаровга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 474-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Фуқаро С.Шерназаров маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, қасддан вояга етмаган икки нафар фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келиши оқибатида бугунги кунда унинг қарздорлиги 19 миллион 471 минг сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими томонидан фуқаро Саид Шерназаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.