2017 йилда вилоятимиздан 27 киши Ўзбекистон фуқароси бўлди
Фарзандларини элга муносиб инсонлар этиб тарбиялади. Оиласи тинч, қўни-қўшни орасида ҳурмати бор. Лекин фуқаролик паспортига эга эмаслигидан кўнглидаги бу кемтикликни ҳеч нарса тўлдира олмас эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 ноябрдаги фармонига кўра, бир қатор юртдошларимиз қатори Гулзина Аҳмедова ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Янги йил байрами арафасида вилоят ҳокимлигида Гулзина опа ва яна беш кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти тантанали топширилди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган юртдошларимизни паспорт ва Янги йил билан табриклади.
Вилоят ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Б.Алиевнинг маълум қилишича, 2017 йилда вилоятдан 27 кишига Президентимиз фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилган. Йил давомида фуқаролик беришни сўраб 420 дан ортиқ киши мурожаат қилган. Уларнинг ҳужжатлари тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда.
Шу куни Самарқанд шаҳар ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими масъул ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида"ги Фармонига кўра, жазодан озод этилган 5 нафар фуқарога, уларнинг хонадонига бориб, янги паспортни тантанали равишда топширди.