1 октябрдан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилади
Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмасликда айбдор шахсларга маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг, шу жумладан, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага олиш ҳуқуқининг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши фақат давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга киради.
Захирада турган ва янги ажратилаётган ер участкаларига кадастр йиғмажилди қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда қишлоқ хўжалиги бўлимининг, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда – туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг мурожаатига мувофиқ, туман (шаҳар) ҳокимлигининг буюртмасига асосан тайёрланади. Ушбу харажатлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида мазкур ер участкасига эга бўлган шахс томонидан қопланади.
Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар мазкур Фармон кучга киргунга қадар вужудга келган, бироқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, уларга кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳуқуқ эгаларининг буюртмаларига асосан уларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан, ўрмон хўжаликлари, сув хўжалиги ташкилотлари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ижтимоий муассасаларга берилган ер участкаларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш балансда сақловчиларнинг буюртмаларига асосан ва уларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Кадастр йиғмажилди Кадастр агентлиги томонидан шаҳодатланган кадастр муҳандислари ҳамда Кадастр агентлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан шартнома асосида тайёрланади.
2020 йил 1 октябрдан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради.
Давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш орқали тўпланган маълумотлар асосида амалга оширилади.