2020 йилда COVID-19 инфекцияси билан қайси давлат раҳбарлари касалланди?

2 октябрь. АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг рафиқасида коронавирус инфекцияси аниқланди. Президент шифокори давлат раҳбари ва унинг рафиқаси ўзларини яхши ҳис қилаётганликларини таъкидлади. Улар Оқ уйда қолишни ва ўша ерда туриб ўз вазифаларини бажаришда давом этишни режалаштирган.

28 июль. Беларусь Президенти Александр Лукашенко коронавирус инфекцияси билан касалланиб тузалгани маълум қилинди. Касаллик белгиларсиз ўтган. 

9 июль. Боливиянинг вақтинчалик президенти Жанин Аньес таҳлилида COVID-19 инфекцияси аниқланди. 28 июль куни у коронавирус инфекциясини енгганини ва тузалганини эълон қилди. Касаллик даврида у ўзини яхши ҳис қилган. 

7 июль. Бразилия Президенти Жаир Болсонаруда коронавирус аниқланди. Уч марта ўтказилган таҳлил унда коронавирус инфекцияси борлигини кўрсатди. 25 июль куни Болсонару тузалганини маълум қилди. 

18 июнь. Қозоғистоннинг биринчи президенти, Қозоғистон халқи Ассамблеяси раиси Нурсултон Назарбоев коронавирус инфекциясига чалингани маълум қилинди. 2 июль куни унинг тузалгани ҳақида хабар берилди. 

17 июнь. Гондурас Президенти Хуан Орландо Эрнандес ва унинг рафиқасида коронавирус инфекцияси аниқланди. 19 июнь куни у коронавирус сабабли юзага келган пневмония билан касалхонага ётқизилди. 2 июль куни у касалхонадан тузалиб чиқди. 

1 июнь. Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва унинг оиласи коронавирус инфекцияси билан касалланганликларини маълум қилди. 8 июнь куни уларнинг соғайганлиги ҳақида хабар берилди. 

30 апрель. Россия Федерацияси бош вазири Михаил Мишустин коронавирус билан касаллангани маълум бўлди. У даволаниш учун касалхонага ётқизилди. 19 май куни унинг тузалгани ҳақида хабар қилинди. 

27 март. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон коронавирус инфекциясини юқтириб олганини эълон қилди. У ўзини ўзи алоҳидалади ва ишлашда давом этди. 6 апрель куни унинг саломатлиги ёмонлашди, Жонсон касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилди. 9 апрель куни у жонлантириш бўлимидан оддий хонага ўтказилди, саломатлиги яхшиланди. 12 апрель куни Борис Жонсон касалхонадан тузалиб чиқди. 

25 март. Буюк Британия шаҳзодаси Чарльзда коронавирус инфекцияси аниқланди. У ўзини ўзи алоҳидалади. Унинг рафиқаси Камиллада коронавирус инфекцияси аниқланмади. 30 март куни шаҳзоданинг тузалганлиги маълум қилинди. 

19 март. Монако князи Альбер II да COVID-19 аниқланди. 31 март куни унинг тузалганлиги ҳақида маълум қилинди. 

12 март. Канада бош вазири Жастин Трюдо, унинг рафиқаси Софида коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг ўзини алоҳидалашга қарор қилганини эълон қилди. Улар 29 март куни тузалди.     

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.