2021-2022 йил куз-қиш мавсумигача Самарқандда 294 та кўп қаватли уй таъмирланиши керак. Бугунги ҳолат қандай?

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси 2021-2022 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини бошлаб юборилди.

 Ҳозиргача 9 та кўп қаватли уй сифатли таъмирдан чиқарилди, 9 та уйнинг кириш йўлаги таъмирланди. 20 та болалар майдончаси ва спорт майдончалари қурилиб, мавжудлари тартибга келтирилди. Аммо қилинадиган, режадаги ишлар ундан ҳам кўп. 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумигача вилоятдаги 294 та кўп қаватли уй таъмирланиши кўзда тутилган.

Бу ишларни амалга ошириш мақсадида 294 та кўп қаватли уйлар таъмири учун харажатлар лойиҳаси ишлаб чиқилди, 112 та кўп қаватли уй ҳомийлар томонидан таъмирланадиган бўлди.

Самарқанд шаҳридаги 105 та кўп қаватли уйлар таъмирлаш режасига киритилган бўлиб, уларнинг 85 тасида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Нарпай туманида бешта кўп қаватли уй ҳомийлар томонидан таъмирланди, Булунғур туманида ҳам бешта уй таъмирдан чиқарилди. Самарқанд туманидаги битта кўп қаватли уйнинг том қисми, Нуробод туманидаги иккита кўп қаватли уйнинг ички муҳандислик ва коммуникация тизими таъмирланди. Иштихон туманидаги бешта кўп қаватли уйда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати.