2022 йилда 7,1 триллион сўмлик 772 та лойиҳа амалга оширилади
Вилоятнинг ўсиш нуқталари, яъни драйверларини аниқлаб фаол инвестиция сиёсатини юритиш мақсадида 2022 йил учун ҳам аниқ мақсадга қаратилган режалар белгилаб олинган.
Бу ҳақда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг эллик тўртинчи сессиясида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Ходжаев айтиб ўтди.
"Жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва давлат кафолати остида бўлмаган хорижий кредит маблағлари иштирокидаги жами 49 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 356,4 миллион доллар (шундан, 244,6 миллион доллари хорижий) инвестиция ўзлаштирилиши ва 9 850 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 7,1 триллион сўм бўлган жами 772 та саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида 214 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда жами 14 354 та иш ўрни яратиш мўлжалланган. Вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида 2022 йил учун 576,4 миллион долларлик маҳсулот экспортга чиқарилади.
"Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари"да ёшларга инвестиция лойиҳаларини шакллантиришда кўмаклашиш, "стартап”, шу жумладан ахборот технологиялари лойиҳаларига инвестицияларни жалб қилиш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, вилоятнинг салоҳиятидан, маданий мерос ва тарихидан келиб чиқиб туризм соҳаси ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш таъминланади", деди О.Ходжаев.