22 нафар боланинг заҳарланишига яроқсиз ичимлик суви сабаб бўлган

18-19 июнь кунлари Боёвут тумани шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимига 21-МТМнинг 3 ходими ва 22 тарбияланувчиси ўткир ичак касаллиги, овқат токсикоинфекцияси аломатлари билан келтирилгани ҳақида хабар берган  эдик.

Мактабгача таълим вазирлиги ишчи гуруҳи заҳарланиш сабабларига доир хизмат текшируви ўтказди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, заҳарланишга истеъмол учун яроқсиз ичимлик суви сабаб бўлган. Гап шундаки, Сирдарё вилояти Боёвут туманида марказлашган ичимлик суви таъминоти мавжуд эмас. 2019 йил 17 июнь куни 21-МТМга ичимлик суви келтирилмаган ва муассаса мудираси канал сувидан фойдаланишга мажбур бўлган.

Белгиланган қоидаларга кўра, марказлашган ичимлик суви таъминоти бўлмаса, маҳаллий ҳокимият идоралари МТМга ичимлик суви ташиб келтирилишини таъминлаши зарур. Боёвут тумани мактабгача таълим бўлими мудираси эса ишчи гуруҳга 21-МТМни ичимлик суви билан таъминлашга доир шартномани кўрсата олмаган.

– Мактабгача таълим вазирлиги хизмат текширувини давом эттиради, унинг натижаларига кўра, айбдорларга қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилади. Ҳудудлардаги барча МТМларни ичимлик суви билан таъминлаш масаласи долзарб бўлиб турибди. Президент қарорига мувофиқ, бу масала 2025 йилгача тўлиқ ҳал этилиши режалаштирилган, – дейди Мактабгача таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Умида Муҳиддинова.

Ҳозирда Сирдарё вилояти ҳокимлиги вазирлик мутахассислари билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларини ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Президентмизнинг 2018 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, масъул вазирлик ва идоралар 2025 йилга қадар босқичма-босқич равишда МТМларни ичимлик суви, иситиш тизими, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаши керак. Бунда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Мактабгача таълим, Иқтисодиёт, Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз”, акциядорлик жамиятлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иштирок этади.