350 ҳайдовчи сертификат олди

– 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юртимиздаги юридик шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари икки йилда бир марта мажбурий равишда малака оширишлари лозим, – дейди "Avtotеst Samarqand" МЧЖ директори А.Воҳидов. – Шундан келиб чиқиб, қисқа вақт давомида 3000 нафарга яқин ҳайдовчининг малакасини ошириш бўйича вилоятимиздаги 390 дан ортиқ юридик шахс билан шартномалар имзоланди. Ҳозирда ҳайдовчилар "Avtotеst 3.0" ўқув-услубий комплекси асосида бир ҳафталик ўқув машғулотларида қатнашмоқда. Машғулотлар замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилган ҳолда йигирма нафарга яқин юқори малакали мутахассислар томонидан олиб борилмоқда.
Тингловчиларга мультимедиа электрон ўқув қўлланмалар, ишчи дафтарлар тарқатилган бўлиб, уларнинг бир ҳафта давомида эгаллаган билимлари тегишли тартибда баҳоланади. Курс якунида синов ўтказилиб, ушбу босқичлардан муваффақиятли ўтган ҳайдовчиларга сертификат берилади.
Ҳозиргача 350 нафар ҳайдовчи малака ошириш курсини муваффақиятли ўтаб, белгиланган намунадаги сертификатга эга бўлди.
Ҳайдовчилар малакасини ошириш тадбирлари иш берувчиларнинг ўз маблағлари, бюджет ташкилотларида эса бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.