38 та корхона мансабдорларига табиий газдан ноқонуний фойдалангани учун жиноят иши қўзғатилган

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига етказиб берилаётган табиий газдан ноқонуний фойдаланаётган истеъмолчилар, шу жумладан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Бош прокуратура хабарига кўра, назорат тадбирларида йилнинг ўтган даврида 38 та корхона томонидан 110,4 млрд. сўмга тенг бўлган 98,8 млн. куб ёки 4,1 млн. хонадоннинг икки кунлик истеъмол эҳтиёжи учун зарур бўлган табиий газ ўғирланганлиги аниқланган.

Корхона мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур корхоналарнинг мансабдор шахслари ва бошқа ишга алоқадор бўлган шахслар процессуал тартибда ушланган.

Эслатма: автомобилларга газ тўлдириш компресслаш фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб, табиий газни жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилишига ҳамда 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишига сабаб бўлади.