63 минг қорамолнинг 1,5 мингтаси наслли. Бу меъёрми ёки ...?
Агроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан чорвачилик хўжаликларига наслли қорамоллар келтириш, уларга сифатли сервис хизмати кўрсатиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, қорамолларни сунъий уруғлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирда вилоятда 336 та ветеринария шохобчаси, 260 та сунъий уруғлантириш маскани ишлаб турибди. 2019 йилда 399 минг 880 доза уруғ келтирилиб, 264 минг 300 бош қорамол сунъий уруғлантирилди.
Жумладан, ўтган йили Самарқанд туманидаги “Шариф чорванасл” наслчилик фермер хўжалигига Германиядан 31 бош “Симменталь” зотли наслли қорамоллар келтирилди.
- Қорамоллар 21 кунлик карантин назоратидан ўтказилгач, улардан соғлом насл олиш, маҳаллий шароитдаги озуқага мослаштириш ишлари бошланди, - дейди инспекциянинг Самарқанд тумани бўлими бошлиғи Саъдулла Узоқов. – Ҳозирда тумандаги 38 та чорвачилик фермер хўжалигида 3434 бош йирик шохли қорамол боқилмоқда. Мавжуд чорва моллари наслини яхшилаш учун 20 та зооветеринария шохобчаси ташкил этилиб, вилоят “Чорванасл” бирлашмаси томонидан барча тоифадаги хўжаликлар учун 7756 доза сунъий уруғ келтирилиб, 5,5 минг бош қорамол сунъий уруғлантирилди.
Ҳозирда чорвачилик фермер хўжаликларида 63 минг бошдан ортиқ қорамол боқилаётган бўлса, шунинг 1,5 минг бошга яқини наслли чорва молларидир.
“Ўзагроинспекция” Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.