Адлия: Каттақўрғонда 2018 йилда мулки бузилган тадбиркорга компенсация ундириб берилди
Фуқаро Қ.Тошпўлатова 2004 йилдан Каттақўрғон туман “Каттаминг” қишлоғида жойлашган дорихона биносини қонуний тарзда сотиб олиб, у ерда дорихона фаолиятини йўлга қўйган. Вилоят адлия бошқармасининг zarnews.uz`га тақдим этган маълумотига кўра 2018 йилнинг июнь ойида туман ҳокимлиги томонидан ушбу дорихона биноси бузилиб, фуқарога кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва етказилган зарар қоплаб берилмаган.
Шундан сўнг унга туман ҳокимининг 2019 йил 20 мартдаги қарори билан ушбу ҳудуддан дорихона биноси қуриш учун 150 кв.метр ер майдони ажратилган. Бироқ Халқ депутатлари Каттақўрғон туман Кенгашининг 2021 йил 10 мартдаги 25/135-сонли қарори билан туман ҳокимининг юқоридаги қарори бекор қилинган. Лекин қарор нусхаси Қ.Тошпўлатовага тақдим этилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасида ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш ваколати берилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси талабига кўра, Халқ депутатлари туман Кенгаши ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёки вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилишга ваколатли эмас.
Фуқаро қонуний ҳуқуқлари тикланишини сўраб Каттақўрғон туман адлия бўлимига мурожаат қилган. Бўлим томонидан фуқаронинг манфаатларини кўзлаб Самарқанд туманлараро маъмурий судига ариза киритган. Суд ишни атрофлича кўриб чиқиб, Халқ депутатлари Каттақўрғон туман Кенгашининг 2021 йил 10 мартдаги 25/135-сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топган.