Афғонистон: «Толибон» Калайи-Науга ҳужум қилди

Афғонистоннинг бир қатор шимолий ҳудудларини эгаллаб олган "Толибон" радикал ҳаракати жангарилари фаол равишда ғарбга қараб ҳаракатланмоқда.

7 июль куни эрталабдан улар Багдис провинциясининг маъмурий маркази – Калайи-Нау шаҳрини ўз назоратига олишга ҳаракат қилишди.

Интернетда тарқалган, ҳақиқийлиги тасдиқланмаган видеолавҳада толибонлар шаҳарга мотоциклда кириб келаётгани акс этган. Бир нечта манбалар улар маҳаллий қамоқхонага бостириб кириб, маҳбусларни озод қилганликлари ҳақида хабар беришди.

Расмийларнинг айтишича, Калайи-Науга бир неча томондан ҳужум қилинган. Кўча жанглари кетяпти.

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги 20 йиллик операция тугаганини эълон қилгандан сўнг «Толибон» ҳар томондан ҳужум бошлади. Бир неча кун олдин Америка кучлари энг катта базаси – Баграм аэродромини тарк этишди. Бугунги кунга келиб, Қўшма Штатлар 90 фоиздан ортиқ ҳарбий контингентни мамлакатдан олиб чиққан.

«Толибон» ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги тинчлик музокаралари натижа бермади.